“Независимая газета”: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида йирик иқтисодий лойиҳаларга йўл очилмоқда
Июль 06, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 96
МОСКВА, 6 июль. /“Дунё” АА/. Россиянинг етакчи “Независимая газета”сида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги босқичига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар сиёсий декларациялар даражасидан йирик инвестициявий ҳамда савдо шартномаларини амалга ошириш босқичига ўтмоқда. Икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида муҳим фойдали қазилмалар, энергетика, авиация, молия, рақамли технологиялар (IT) ва қишлоқ хўжалиги соҳалари кўрсатиб ўтилган.
Нашрда АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грирнинг яқинда Тошкентга амалга оширган ташрифига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур ташриф икки томонлама алоқаларни янада фаоллаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Вашингтон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Бу эса мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар учун ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Қайд этилишича, Американинг “Orion Critical Mineral Consortium” компанияси барқарор таъминот занжирларини яратиш мақсадида Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш имкониятларини кўриб чиқмоқда ҳамда қиймати 20 миллиард доллар бўлган глобал лойиҳалар портфелини шакллантиришни мақсад қилган.
Мақола якунида икки мамлакат ўртасида қўшма молиявий инфратузилма ва кенг кўламли бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилувчи Ишбилармонлар кенгаши фаолияти изчил ривожланаётгани таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси