БМТ Бош Ассамблеяси Фаластиннинг 81-сессиядаги иштирокини қўллаб-қувватлади

Сентябрь 18, 2026. 15:30 • 2 дақ

98
БМТ Бош Ассамблеяси Фаластиннинг 81-сессиядаги иштирокини қўллаб-қувватлади

НЬЮ-ЙОРК, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. БМТ Бош Ассамблеяси Фаластиннинг 81-сессия ишида иштирок этиши тўғрисида резолюция қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “UN News”га таяниб.

Ҳужжатни ёқлаб 152 давлат овоз берди, уч давлат қарши чиқди, яна тўрт давлат бетараф қолди. АҚШ ҳужжатга қарши овоз берди.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Темми Брюс президент Дональд Трамп даврида Вашингтоннинг позицияси ўзгармаслигини таъкидлаб, Фаластин маъмурияти ва Фаластин озодлик ташкилоти (ФОТ)ни Осло келишувлари доирасидаги мажбуриятларни бажармаганликда айблади.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Фаластин маъмурияти ва ФОТдан терроризмни қоралаш ҳамда уни ҳар қандай кўринишда қўллаб-қувватлаш ёки оқлашдан воз кечишни талаб қилади. У Вашингтон террорчилар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш билан боғлайдиган тўловларни тўхтатишга ҳамда “зўравонликни улуғлашга” чек қўйишга чақирди.

Хитойнинг доимий вакили ўринбосари Сун Лей АҚШни мезбон давлат сифатида халқаро ҳуқуқий мажбуриятларга риоя қилишга, барча суверен давлатларга тенг муносабатда бўлишга ва Бош Ассамблеянинг 81-сессияси Юқори даражадаги ҳафталиги доирасидаги тадбирларнинг тўсиқсиз ўтказилишини таъминлашга чақирди.

Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили Риёд Мансурнинг маълум қилишича, Фаластин раҳбарияти президент Маҳмуд Аббос бошчилигидаги делегацияни БМТ ва Бош Ассамблеянинг Юқори даражадаги ҳафталигида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга қаратилган ҳаракатларни қатъиян рад этади.

Шунингдек ўқинг

Овоз бериш БМТ штаб-квартираси жойлашган АҚШ 81-сессия арафасида Фаластин расмийларининг визаларини бекор қилганидан сўнг бўлиб ўтди.

Юқори даражадаги ҳафталикнинг диққат марказида халқаро хавфсизлик, қуролли можаролар, иқлим ўзгариши, эҳтимолий пандемияларга тайёргарлик кўриш, денгиз сатҳининг кўтарилиши, ирқчиликка қарши курашиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш масалалари бўлади.

Бош Ассамблеянинг умумий музокаралари 22 сентябрь куни БМТга аъзо 193 давлат вакиллари иштирокида бошланади. Сессия давомида иқлим, пандемияларнинг олдини олиш, ривожланиш ҳуқуқи, ирқчиликка қарши кураш ва ядровий қуролларни тўлиқ йўқ қилиш масалалари бўйича ҳам учрашувлар бўлиб ўтади.

81-сессия Антониу Гутерриш учун БМТ Бош котиби лавозимидаги сўнгги сессия бўлади. Унинг иккинчи ва охирги ваколат муддати 2026 йил 31 декабрда тугайди, шундан сўнг 2027 йил 1 январда янги Бош котиб ўз фаолиятини бошлайди.

“AP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш