20 нафар ўзбекистонлик мутахассис Жанубий Кореяда микросхемаларни йиғиш бўйича ўқитилади
Сентябрь 18, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 69СЕУЛ, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг Сунгшиль университетида ўзбекистонлик мутахассислар учун қўшма малака ошириш дастурининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дастур “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда 20 нафар ўзбекистонлик мутахассис иштирок этмоқда. Таълим 15 сентябрдан 14 ноябргача давом этади ва яримўтказгичлар соҳасида назарий ва амалий тайёргарликни ўз ичига олади.
Маросимда университет вице-президенти Мун Ён, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Мирзиёд Юнусов, “MetaOnTech” компанияси бош директори Де Бонг ҳамда дастур иштирокчилари сўзга чиқди.
Маърузалар давомида кадрлар тайёрлаш, Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистоннинг “IC Design” - интеграл схемаларни лойиҳалаштириш ҳамда яримўтказгичли компонентларни йиғиш ва синовдан ўтказиш билан боғлиқ “APT” йўналишларида миллий компетенцияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида яримўтказгичлар соҳасида технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




