Иркутскда Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказилди

ИРКУТСК, 13 июнь /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Россиянинг Иркутск вилоятида яшаб ва меҳнат қилиб келаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида бош консул фуқароларимизга мезбон мамлакат қонунчилиги ва қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган ҳолларда муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида Бош консулхонага зудлик билан мурожаат қилиш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир иштирокчиларига Бош консулхона томонидан ватандошларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, жумладан, консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича амалий ёрдам бериш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ишлари изчил давом эттирилиши маълум қилинди.
Учрашув чоғида фуқароларни қизиқтирган қатор масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди. Хусусан, йўқотилган ҳужжатлар ўрнига янгиларини расмийлаштириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патент олиш тартиби ва бошқа консуллик хизматлари бўйича саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Шунингдек, қатор фуқароларга тайёр паспортлар ва Ватанга қайтиш гувоҳномалари топширилди. Йўқотилган ёки амал қилиш муддати тугаган паспортларни алмаштириш бўйича мурожаатлар қабул қилиниб, тегишли консуллик амаллари бажарилди.
Ўз навбатида, ватандошларимиз Бош консул томонидан мунтазам равишда ташкил этилаётган бундай учрашувларни юқори баҳолаб, уларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, мезбон мамлакат қонунчилиги талабларига риоя қилиш маданиятини шакллантириш ҳамда Россиянинг Сибир федерал округидаги ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси