Ўзбекистон ва Ҳиндистон Тошкент ўтказиладиган Ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилишига тайёргарликни жадаллаштирмоқда
Июнь 13, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 64
ДЕҲЛИ, 13 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги Савдо департаменти раҳбари Моҳит Ядав билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Томонлар яқин кунларда уюштириладиган қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқотнинг асосий мавзуси жорий йил 18 июнь куни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон–Ҳиндистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 14-йиғилишига қаратилди. Томонлар яқин ҳамкорлик олиб бораётгани ва барча ташкилий масалаларни мувофиқлаштираётгани таъкидланди.
Учрашувда, шунингдек, Ҳиндистоннинг нуфузли делегацияси V Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Ўзбекистон–Ҳиндистон бизнес-форумида фаол иштирок этишига алоҳида урғу берилди.
Моҳит Ядав бўлажак қўшма тадбирларнинг икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим механизми сифатидаги ролини юқори баҳолади. Ҳиндистон делегацияси таркибини рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги, энергетика, таълим, тўқимачилик, фармацевтика, транспорт ва логистика тармоқлари вакиллари ҳисобига кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон элчихонаси мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини илгари суриш мақсадида Ўзбекистон бизнес вакилларининг Ҳиндистондаги йирик инвестиция ва ишбилармонлик тадбирларида иштирокини кенгайтириш ташаббусини илгари сурди. Ҳиндистон томони ушбу таклифни катта қизиқиш билан қўллаб-қувватлади ва уни амалга оширишдан манфаатдорлик билдирди.
Учрашув якунида томонлар Тошкентда Ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши, бизнес-форум ва бошқа қўшма тадбирларни юқори савияда ташкил этишни таъминлашга тайёр эканини тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси