Новосибрскдаги ватандошлар иштирокида хайрия тадбири ўтказилди
Май 29, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 254НОВОСИБИРСК, 29 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси томонидан Қурбон ҳайити муносабати билан кенг кўламли хайрия тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Новосибирскда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар, Россиянинг етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров юртдошларимизни Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, улар ватандан узоқда бўлса-да, чинакам ҳамжиҳатлик, ўз юртига садоқат намунасини кўрсатаётганини таъкидлади.
Байрам хайрия акциясининг ўтказилиши Ўзбекистон раҳбариятининг хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва ўзбек диаспораси, жумладан, Россиянинг Сибир ўлкасидаги ўзбек диаспораси бирлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсатининг яна бир тасдиғи экани қайд этилди.
Ўзбекистон Президентининг Қурбон ҳайити анъаналари тинчлик ва тотувлик, дўстлик ва ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлаш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, муҳтожларга ёрдам беришда куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши ҳақидаги сўзларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кеча меҳмонлари мамлакатимиз давлатимиз раҳбарига хориждаги ватандошларга кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик ва эътибор учун самимий миннатдорлик билдириб, унга мустаҳкам соғлик ва Ўзбекистон равнақи йўлида янги зафарлар тиладилар.
Новосибирскдаги ўзбек диаспораси фаоли Оматой Хўжамова байрам дастурхони шаҳарда илк бор бундай кўринишда ўтказилаётганини ва барча ватандошлар учун алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
“Бугунги тадбир Новосибирскдаги ватандошлар ҳаётида жуда муҳим воқелик бўлиб, ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада мустаҳкамлайди, халқ ва мамлакат манфаатлари йўлида бирлаштиради. Биз хорижда яшовчи ватандошларга бундай самимий ғамхўрлик ва эътиборни илгари ҳеч қачон ҳис қилмаганмиз”, - дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, ватандошимиз Гавҳарой Абдуллаева тадбир ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:
- Ушбу улуғ айёмни Сибир заминида, бир дастурхон атрофида кутиб олганимиздан беҳад хурсандмиз. Илгари бундай кунлар ҳақида фақат орзу қилишимиз мумкин эди. Буларнинг барчаси кўп миллатли Ўзбекистон халқи фаровонлиги ҳақида доимо ғамхўрлик кўрсатиб келаётган муҳтарам Президентимизнинг изчил сиёсати натижасидир. Биз, Новосибирскдаги ватандошлар, бундан буён ҳам ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшишга доимо тайёрмиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







