Ўзбекистон ТИВ раҳбари МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди
Апрель 17, 2026. 18:37 • 2 дақ
• 160
ТОШКЕНТ, 17 апрель. / “Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Москвада бугун бўлиб ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Бугун Москвада Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистондан келган ҳамкасбларим билан биргаликда МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Учрашув давомида глобал ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, МДҲ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдик.
Йиғилиш якунлари бўйича кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоладик. Улар ижтимоий ривожланиш ва ҳаёт сифатини ошириш, гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шартнома-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини қамраб олади.
Шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, жумладан, “яшил” энергетика ва экологик кун тартиби ҳамда замонавий геосиёсий ўзгаришлар шароитида минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик”.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси