Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Guinness World Records рекордига сазовор бўлди
Апрель 13, 2026. 15:51 • 2 дақ
• 761
2026 йил 13 апрель куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази «Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи»сифатида расман эътироф этилиб, Guinness World Records нинг нуфузли унвонига лойиқ кўрилди.
Тантанали тақдирлаш маросими Guinness World Records расмий вакили ва ҳаками — Шейда Субаши иштирок этиб, Марказ барча халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади.
Тадбирда, шунингдек, лойиҳани амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшган меъморлар, олимлар, дизайнерлар ва қурувчилар иштирок этди. Мукофот Марказ Илмий кенгаши аъзоларига топширилди.
Тантанали маросимда Guinness World Records расмий вакили Шейда Субаши шундай таъкидлади:
Guinness World Records расмий вакили сифатида шуни айтишим мумкинки, музейнинг ҳар бир бурчаги ва тақдим этилган ҳар бир экспонат ўзига хос ноёбликка ҳамда маданий қийматга эга. Ушбу мажмуани барпо этиш ортида йиллар давомида олиб борилган кенг кўламли ва машаққатли меҳнат ётганлиги яққол кўриниб турибди.
Музейга ташриф буюриш мени жуда ҳайратда қолдирди — бу ҳақиқатан ҳам чуқур ва мазмунли тажриба бўлди. Ташриф доирасида барча нарсани тўлиқ қамраб олишнинг имкони бўлмасада, баҳолаш жараёни белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилди. Мен томонимдан расмий логбук (қайдлар дафтари)дан фойдаланилди, унда ҳар бир экспонат қайд этилиб, ислом археологияси, санъати ва фани соҳасидаги мутахассислар томонидан тасдиқланди.
Мен амалга оширилган ишлар даражасидан чин дилдан ҳайратдаман ва ушбу лойиҳани ҳаётга тадбиқ этишда иштирок этган барчага ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу улкан саъй-ҳаракатлар ва юксак профессионаллик натижаси бўлган улкан ютуқдир. Ҳар бир иштирокчининг ҳиссаси алоҳида ҳурматга лойиқ. Guinness World Recordsтили билан айтганда, бу — ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли».
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик мегалойиҳаси сифатида ҳаётга тадбиқ этилган улкан илмий-маърифий ва музей мажмуасидир. Лойиҳа 2017 йилда бошланган бўлиб, 2026 йил 17 мартда якунига етди. У илмий салоҳият, маданий мерос ва замонавий технологияларни ягона маконда бирлаштирган «Янги Ўзбекистон»нинг ноёб маданий-маърифий платформаси сифатида қад ростлади. Лойиҳа давлат раҳбарининг миллий ўзликни англашни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонни жаҳон майдонида Ислом цивилизациясининг асосий марказларидан бири сифатида тарғиб қилиш борасидаги стратегик қарашларини акс эттиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси