2027 йилги Давлат бюджети ҳам ижтимоий йўналтирилган бўлади

Ноябрь 13, 2026. 20:31 • 6 дақ

• 48
2027 йилги Давлат бюджети ҳам ижтимоий йўналтирилган бўлади

ТОШКЕНТ, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун 2027 йил учун Давлат бюджетининг мақсадли кўрсаткичлари, асосий макроиқтисодий прогнозлар ҳамда бюджет-солиқ сиёсатининг устувор йўналишлари юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йил якунида мамлакатимиз иқтисодиёти камида 8 фоизга ўсиши, ялпи ички маҳсулот ҳажми 200 миллиард доллардан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 5,2 минг доллардан ошиши кутилмоқда.

Эришилган натижалар иқтисодиётни ривожлантиришнинг янги босқичига ўтиш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Хусусан, 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга, келгуси ўн йилда аҳоли жон бошига даромадни 10 минг долларга етказиш мақсад қилинган.

Конституциямизда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат экани мустаҳкамлаб қўйилган, инсон, унинг ҳаёти ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилган. “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг бош мезонига айланган. Зеро, иқтисодий тараққиётнинг асл мазмун-моҳияти, энг аввало, унинг самараси ҳар бир инсон, ҳар бир оила ҳаётида сезилиши, халқимиз фаровонлиги юксалиши, сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайиши ҳамда муносиб турмуш шароитлари яратилишида намоён бўлиши лозим

Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги келгуси йилда ҳам сақлаб қолиниши айнан шу устувор мақсадларга хизмат қилади.

Жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни молиялаштириш учун жами 176 триллион сўмга яқин маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. Таълимга 114,3 триллион сўм (ўтган йилдан 14 триллион сўм кўп), тиббиётга 61,4 триллион сўм (ўтган йилдан 12 триллион сўм кўп) ажратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳудудлар ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш учун 70 триллион сўм ажратилиши белгиланмоқда.

Ижтимоий мажбуриятларни барқарор молиялаштириш учун иқтисодиётнинг йиллик ўсиш суръатларини камида 7 фоиз даражасида таъминлаш, мавжуд захиралар ва янги технологик омилларни ишга солиш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда келгуси йилдан иқтисодий ўсишнинг янги моделига ўтиш, ҳар бир тармоқда юқори қўшилган қиймат яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш асосий вазифалар этиб белгиланмоқда.

Йиғилишда узоқ муддатли юқори иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган янги ёндашувлар кўриб чиқилди. Халқаро тажриба барқарор тараққиётнинг асосий омиллари экспортга йўналтирилган рақобатбардош ишлаб чиқариш, технологиялар трансфери, инвестициялар самарадорлиги, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий сиёсатнинг ўзгарувчан шароитларга мослашувчанлиги эканини кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, иқтисодий ўсишнинг янги модели асосини замонавий саноат сиёсати ташкил этиши белгиланмоқда. Ушбу сиёсат юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлашга ўтиш, илғор технологияларни жалб қилиш, миллий корхоналарнинг халқаро ишлаб чиқариш занжирларига интеграциясини кучайтириш ва экспорт таркибини диверсификация қилишга қаратилган.

Хусусан, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа истиқболли саноат тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича янги стратегия ишлаб чиқилмоқда.

Янги саноат сиёсати доирасида ҳар бир устувор тармоққа йирик халқаро компаниялар ва бренд инвесторларни жалб қилиш, замонавий саноат зоналарини шакллантириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда корхоналарнинг технологик салоҳиятини ошириш режалаштирилмоқда. 2027 йилда ҳар бир истиқболли тармоққа камида 2–3 тадан йирик инвесторни жалб қилиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, яримўтказгичлар, робототехника, биотехнологиялар, электромобиллар учун юқори технологик бутловчи қисмлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш каби янги йўналишларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу мақсадларни амалга ошириш учун халқаро брендларни жалб қилиш, илмий-тадқиқот ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рақобатбардош миллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантиришнинг янги рағбатлантириш механизмлари кўзда тутилмоқда.

Иқтисодий ўсишнинг давомийлигини таъминлаш учун таркибий ислоҳотларни изчил давом эттириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, энергетика ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якунлаш устувор вазифалар сифатида кўрсатилди.

Шунингдек ўқинг

Бунда давлат инвестицияларини хусусий капитал учун қулай шароит яратишга йўналтириш, иқтисодий ўсишни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини шакллантириш ва инвестицияларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Йиғилишда 2027 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий прогнозлар кўриб чиқилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми 2027 йилда 232 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда.

Шу билан бирга, инфляция даражасини 2027 йилда 6 фоизга, 2028–2029 йилларда эса 5 фоизгача пасайтириш, олтинсиз экспорт ҳажмини 2027 йилда қарийб 40 миллиард долларга етказиш назарда тутилмоқда.

Тақдимотда 2027 йил учун Давлат бюджети даромадларини 416 триллион сўм, харажатларини эса 464 триллион сўм миқдорида белгилаш назарда тутилаётгани маълум қилинди. Бюджет лойиҳаси иқтисодий ўсишнинг 7 фоизлик прогнози асосида шакллантирилмоқда.

Жаҳондаги геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар шароитида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, келгуси йилда инфляцияни 6 фоиздан оширмаслик, умумий фискал тақчилликни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз доирасида сақлаш муҳим вазифа этиб белгиланди.

2027 йилда ҳам асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаш кўзда тутилмоқда. Бундай шароитда бюджет даромадларини кўпайтиришнинг асосий манбаи иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, солиқ базасини кенгайтириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўлиши таъкидланди.

Шу муносабат билан рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали солиқ ва божхона тушумларини қўшимча ошириш, тадбиркорлар учун қулай ва шаффоф муҳит яратиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Президентимиз бюджет харажатларининг ҳар бир сўми аниқ натижа бериши лозимлигини таъкидлади. Шу боис, маблағларни мақсадли йўналтириш, самарасиз харажатларни қисқартириш, давлат инвестициялари ва субсидияларининг натижадорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, инвестиция дастури доирасидаги қурилиш лойиҳаларида бюджет маблағларининг сарфланишини тўлиқ кузатиб бориш имконини берадиган рақамли назорат тизимини синов тариқасида жорий этиш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш иқтисодий ўсишни молиялаштиришнинг янги механизмлари ҳам муҳокама қилинди. Банк тизимида хусусий капитал иштирокини кенгайтириш, кредит ресурсларини кўпайтириш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланиш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга 2027 йилда 65 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича тармоқлар ҳамда ҳудудлар кесимида аниқ режалар ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда билдирилган фикр ва таклифлар асосида 2027 йил учун Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Қонунчиликка мувофиқ, бу лойиҳа ва унинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинади ҳамда якунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш