Ўзбекистон фуқароси даволанишни давом эттириш учун Кузбассдан ватанга қайтарилди
Август 20, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 111
КЕМЕРОВО, 20 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Миграция агентлиги ҳамда Кемерово вилояти — Кузбассдаги ватандошлар миллий ташкилотининг кўмагида фуқаромиз Б.Т.ни ватанга қайтариш бўйича амалиёт муваффақиятли якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Б.Т. миллий авиакомпаниянинг Новосибирск–Тошкент йўналиши бўйича Тошкентга учиб келди.
Ватандошимиз қизининг маълумотига кўра, Ўзбекистон пойтахти аэропортида беморни шифокорлар ва тез ёрдам машинаси кутиб олди ҳамда барча зарур тиббий ёрдамни кўрсатиш учун бемор дарҳол Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилди.
Олдин хабар берилганидек, шу вақтга қадар ватандошимиз Кемерово вилояти — Кузбасснинг Ленинск-Кузнецкий шаҳридаги Кузбасс шахтёрлар соғлиғини сақлаш клиник марказининг интенсив нейрохирургия бўлимида эди.
Бош консулхона, Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонаси ва Кемерово шаҳридаги ватандошлар ташкилотининг Б.Т. Кузбасс шахтёрлар соғлиғини сақлаш клиник марказида бўлган вақтида уни зарур даволаниш, дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминлашдагина эмас, балки унга ҳар кунлик қаров ва парвариш кўрсатишда кўрсатган ҳамжиҳатлик ва самарали ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бундан ташқари, дипломатлар ва Кузбассдаги ватандошлар ҳаракати билан ватандошимизни Ленинск-Кузнецкий шаҳридан Новосибирскдаги “Толмачево” аэропортигача қулай шароитда олиб бориш ташкил этилди. Олинган жароҳатлар оқибатида Б.Т. ҳозирда мустақил ҳаракатланиш имкониятидан маҳрум бўлганини эслатиб ўтамиз.
Шу муносабат билан Миграция агентлиги томонидан Б.Т.га уни ватанга ётиқ ҳолатда транспортировка қилиш учун авиабилетлар харид қилинди.
Ватандошимиз хориждаги ватандошлар тақдирига кўрсатилаётган алоҳида эътибор учун Ўзбекистон раҳбариятига ўзининг чуқур миннатдорчилигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси