Свердловск вилоятида ватандошлар учун 150 минг рублгача маошли иш ўринлари мавжуд
Август 20, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 152
ЕКАТЕРИНБУРГ, 20 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси дипломатлари Свердловск вилоятида фаолият юритувчи “Gross Group” компанияси раҳбари Никита Калашников билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистон фуқароларини Россияда қонуний асосда ишга жалб этиш, меҳнат шароитларини таъминлаш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
“Gross Group” компанияси вакили ўзбекистонликлар учун 15 та бўш иш ўрни мавжудлиги, ишга қабул қилинадиган ходимларнинг зарур ҳужжатларини расмийлаштириш, ётоқхонада яшаши ва овқатланиши билан боғлиқ харажатлар компания томонидан қопланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда таклиф этилаётган ойлик маош ойига 100 мингдан 150 минг рублгача.
Ўз навбатида, вакилларимиз иш берувчига Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш тартиби, меҳнат шартномаларини расмийлаштириш ва хорижда меҳнат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга оид талабларни билдирди.
Ташриф доирасида компанияда ишлаётган ҳамюртларимиз билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг меҳнат ва консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаатлари тингланди.
Ватандошларга Россия қонунчилигига риоя қилиш, меҳнат шартномаси шартларига амал қилиш ҳамда турли ҳуқуқбузарликлар, жумладан, экстремизм, терроризм ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига аралашиб қолишдан эҳтиёт бўлиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Россиянинг айрим ҳудудларида дронлар билан боғлиқ хавфлар ортиб бораётгани инобатга олиниб, ҳамюртларга хавфсизлик талабларига қатъий амал қилиш, расмий огоҳлантириш ва кўрсатмаларга риоя этиш муҳимлиги эслатилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси