“Интерфакс” АА: Ўзбекистон 2030 йилга бориб аниқланган уран захиралари ҳажмини 200 минг тоннага етказишни кўзда тутмоқда
Ноябрь 15, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 66
МОСКВА, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг етакчи “Интерфакс” ахборот агентлигида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Навоийуран” давлат корхонаси ва “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ режалари билан танишганига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, 2030 йилга бориб мамлакатда 16 турдаги муҳим хомашёни ишлаб чиқариш ҳажми 2,7 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Шу жумладан, уран ишлаб чиқаришни жорий йилдаги 7,5 минг тоннадан 15 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Ураннинг қидириб топилган захиралари ҳажмини эса 200 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.
Президент муҳим минераллар соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича топшириқ берди. Ҳозирда ўзлаштирилган 5 турдаги маҳсулотга (вольфрам, молибден, селен, теллур ва рений) қўшимча равишда яна 11 турдаги маҳсулот, жумладан, никель, кобальт, графит, сурьма, қалай ва мис ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лозимлиги белгиланди. Вольфрамни чуқур қайта ишлаш лойиҳалари 1,1 миллиард доллар миқдоридаги инвестицияларни жалб этишни кўзда тутади.
Шунингдек, йил охирига қадар Ўзбекистон технологик металлар комбинатида 12 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш, “Навоийуран” корхонаси томонидан эса геология-қидирув ишларини кенгайтириш ва 250 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилгани алоҳида таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси