“Press Trust of India” АА: Ўзбекистон Ҳиндистон фармацевтика компаниялари учун қўшимча рағбатлар таклиф қилишга тайёр

Июнь 08, 2026. 21:25 • 2 дақ

27
“Press Trust of India” АА: Ўзбекистон Ҳиндистон фармацевтика компаниялари учун қўшимча рағбатлар таклиф қилишга тайёр

ДЕҲЛИ, 8 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Шоҳруҳ Ғуломов PTI (Press Trust of India) ахборот агентлиги мухбири Кумар Дипанкарга интервью берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Материалда фармацевтика тармоғи ва маданий-иқтисодий алоқаларга урғу берилган ҳолда, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари батафсил ёритилган.

Ўзбекистон дори воситаларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича минтақавий хабга айланишни мақсад қилгани ҳақида сўз юритилган. Мамлакатимиз Ҳиндистон фармацевтика компанияларини жалб этиш учун технологиялар трансферига алоҳида субсидиялар ва рағбатлар тақдим этишга тайёрлиги билдирилган.

Таклиф этилаётган чора-тадбирлар қаторида лицензиялашни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш ва саноат кластерлари иштирокчилари учун солиқ имтиёзлари бериш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим масалалар алоҳида эътиборни тортади.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу қадамлар Ҳиндистон компанияларига ҳаётий зарур дори-дармонларни маҳаллий даражада ишлаб чиқариш, аҳолининг сифатли тиббиётдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш ва импортга қарамликни камайтириш имконини беради.

Шунингдек ўқинг

Мақолада икки мамлакат ўртасидаги садо-иқтисодий муносабатларнинг барқарор ўсаётгани қайд этилган. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 1,3 миллиард АҚШ долларидан ошиб, 2024 йилги кўрсаткичларга нисбатан 33 фоиз кўп бўлди.

Ўтган йили Ҳиндистоннинг Ўзбекистонга киритган тўғридан-тўғри инвестициялари қарийб 300 миллион долларга етди. 2026 йил май ҳолатига кўра, мамлакатимизда ҳинд капитали иштирокидаги 400 га яқин корхона фаолият юритмоқда, шулардан 311 таси қўшма корхоналардир.

Интервьюда маданий ҳамкорликка иқтисодий интеграциянинг драйвери сифатида алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистонда Ҳиндистон туризми ва кинолойиҳалари меҳмонхона хўжалиги, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратаётгани таъкидланган. Маданий фестиваллар, кинофорумлар ва қўшма ташаббуслар ўзаро ишончни мустаҳкамламоқда, ижодий индустрияни савдо ва саноат кооперацияси билан боғлаган ҳолда бизнес-алоқалар ва инвестицияларнинг фаоллашишига бевосита хизмат қилмоқда.

Суҳбатдош томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги 117 та икки томонлама ҳужжатни, жумладан, Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация ҳамда Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ўз ичига олган мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий базага таянишини эслатиб ўтган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш