“Infora News”: Самарқанд – Марказий Осиёнинг «яшил» инвестициялар ва инновациялар пойтахти деб эълон қилиниши мумкин

Июнь 08, 2026. 15:55 • 2 дақ

52
“Infora News”: Самарқанд – Марказий Осиёнинг «яшил» инвестициялар ва инновациялар пойтахти деб эълон қилиниши мумкин

ИСЛОМОБОД, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Infora News” электрон нашрида “Ўзбекистон Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” деб эълон қилишни таклиф этмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Самарқандда экология соҳасидаги энг муҳим халқаро тадбирларидан бири Глобал экологик жамғарманинг (GEF) VIII Ассамблеяси бўлиб ўтгани маълум қилинган.

Таъкидланганидек, форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ассамблея иштирокчиларига табригини Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.

“Давлат Раҳбари ўз табригида бугунги кунда инсоният мисли кўрилмаган инқирозлар – иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиб бориши, атроф-муҳит ифлосланиши каби таҳдидларга дуч келаётганини қайд этиб, бу каби муаммоларни ҳал этишда Глобал экологик жамғарма алоҳида ўрин эгаллаб келаётганини таъкидлаган, – Табрикда Ўзбекистон Президенти томонидан бир қатор ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Жумладан, Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” деб эълон қилиш таклиф этилди.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, 2027 йилги Тошкент инвестиция форуми “Барқарор ривожланиш ва яшил инвестициялар” мавзусида ўтказилиши ва унинг доирасида “Eco Expo Central Asia” халқаро кўргазмаси ташкил этилиши ташаббуси илгари сурилди.

Эътиборли жиҳати Ўзбекистон етакчиси табригида Ўзбекистон Глобал экологик жамғарма донор мамлакатлари қаторига қўшилишга тайёрлиги  ҳам маълум қилинди.

“Самарқанддаги форум дастури доирасида иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига бардошлиликни ошириш, биохилма-хилликни сақлаш, ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш, сув ресурсларини бошқариш ҳамда атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш каби масалалар муҳокама қилинди. Жамғарманинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги молиявий дастурига (GEF-9) алоҳида эътибор қаратилиб, табиат, иқлим ва ифлосланишга қарши кураш масалаларини бирлаштирувчи комплекс ёндашувлар ишлаб чиқилди”, – деб ёзилган “Infora News” нашри мақоласида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш