Испаниялик фотограф 1890 ва 2026 йиллардаги Ўзбекистонни ўзаро солиштирди
Сентябрь 10, 2026. 21:00 • 2 дақ
• 79
МАДРИД, 10 сентябрь. /“Дунё” АА/. Испаниялик таниқли фотограф, XIX аср фотосуратлари тарихи тадқиқотчиси Пабло Мартинес Муньес 1890 йилда француз фотографи Поль Надар босиб ўтган йўналишнинг бир қисмини такрорлаш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафар якунлари бўйича испаниялик тадқиқотчи “Novastan” порталида “Поль Надардан 136 йил ўтиб: Ўзбекистон фотограф нигоҳида” номли мақолани чоп этди. Унда француз фотографининг архив суратлари ва ўзининг замонавий фотокадрлари ўзаро қиёсланган.
Поль Надар 1890 йилда Париж шаҳридан Константинополь (бугун Истанбул шаҳри), Батуми, Тифлис, Боку, Бухоро ва Самарқанд орқали Тошкентгача бўлган икки ойлик саёҳатни амалга оширган эди. Ушбу сафар давомида у Марказий Осиё шаҳарлари, меъморчилиги, темир йўл тармоғи, бозорлари, маҳаллий аҳоли ва кундалик ҳаётини акс эттирувчи 1800 га яқин фотосурат олган.
Мартинес Муньес 2026 йилда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида бўлди. Унинг лойиҳаси эски суратларни шунчаки айнан такрорлашни эмас, балки мамлакатдаги ўзгаришларни кўрсатиш ҳамда ўтмиш ва бугунги кун ўртасида визуал мулоқот яратишни мақсад қилган.
Фотограф меъморчиликка алоҳида эътибор қаратди. У анъанавий мероснинг совет модернизми ва замонавий бинолар билан уйғунлигини, шунингдек, янги маданий-диний мажмуаларда тарихий шаклларнинг қайта талқин этилишини эътироф этди.
Самарқанддаги Регистон майдони бунга ёрқин мисол бўлди. Агар 1890 йилда бу майдон шаҳар кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлган бўлса, бугунги кунда у Ўзбекистоннинг бош рамзларидан бири ва туристик индустрия марказига айланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси