Исроил Ливан билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди, бироқ ҳарбий амалиётни давом эттиради

Июнь 04, 2026. 17:25 • 3 дақ

57
Исроил Ливан билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди, бироқ ҳарбий амалиётни давом эттиради

ВАШИНГТОН, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Исроил ва Ливан Америка Қўшма Штатлари воситачилигида ўт очишни тўхтатиш тартибини жорий этишга келишиб олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири АҚШ Давлат департаменти баёнотига таяниб.

Ушбу келишувга Вашингтонда Исроил ва Ливан вакиллари иштирокида ўтган икки кунлик музокаралар якунида эришилди.

Қайд этилишича, келишувга риоя қилиниши Ливан ҳудудидаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан ўт очишнинг тўлиқ тўхтатилиши ва унинг қуролли тузилмаларининг Литани дарёсидан жанубдаги ҳудуддан олиб чиқиб кетилишига боғлиқ бўлади. Бундан ташқари, ҳужжатда фақат Ливан армияси назорати остида бўладиган “пилот зоналар” ташкил этиш кўзда тутилган.

22 июндан бошланадиган ҳафта давомида Ливан ва Исроил кенг қамровли келишувга эришиш ҳамда қолган масалаларни ҳал этиш учун тўғридан-тўғри музокараларни давом эттириш ниятида.

Шунингдек, баёнотда барча томонлар Эроннинг минтақадаги хатти-ҳаракатларини ва унинг, ўз баҳоларига кўра, Яқин Шарқдаги барқарорликка путур етказаётган “прокси гуруҳлар”ни қўллаб-қувватлашини қоралагани айтилади.

Шунингдек ўқинг

Бироқ Исроил мудофаа вазири Исраэл Катс мамлакат ҳарбийлари Ливандаги амалиётларни давом эттиришини ва ҳозирча ўз қўшинларини олиб чиқмаслигини маълум қилди. Ливан давлат оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, бугун мамлакат жанубида Исроилнинг ҳаво ҳужумлари давом этган.

Минтақадаги қуролли қарама-қаршилик аввалроқ АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши фонида кескинлашган эди. Март ойи бошидан буён “Ҳизбуллоҳ” Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг Теҳронга уюштирилган Америка-Исроил зарбалари натижасида ҳалок бўлишига жавобан Исроилни яна ракета зарбалари остига тута бошлади.

Бунга жавобан Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари Байрутга ҳам йирик авиазарбалар йўллади. Исроил, шунингдек, мамлакат жанубида қуруқликдаги амалиётни бошлади. Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, бундан мақсад Литани дарёси ва Исроил чегараси ўртасида буфер зона яратишдир.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жанговар ҳаракатлар ва бомбардимонлар оқибатида 3 мингдан ортиқ киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Исроил армияси март ойи бошидан бери “Ҳизбуллоҳ”нинг 1700 дан ортиқ аъзоси ўлдирилганини маълум қилди. Тинч аҳоли орасидаги қурбонларнинг аниқ сонига ойдинлик киритилмаган. Исроилда эса, расмий маълумотларга кўра, сулҳдан буён 10 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш