АҚШ “ўзини ўзи мудофаа қилиш” мақсадида Эрон жанубига зарбалар берди

Май 26, 2026. 16:25 • 3 дақ

140
АҚШ “ўзини ўзи мудофаа қилиш” мақсадида Эрон жанубига зарбалар берди

ВАШИНГТОН, 26 май. /“Дунё” АА/. АҚШ ҳарбийлари Эрон жанубидаги ракета объектлари ва миналар ўрнатишга уринган қайиқларни нишонга олиб, янги зарбалар берганини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC”га таяниб.

Зарбалар “ўзини ўзи мудофаа қилиш” мақсадида берилган ва “қўшинларимизни Эрон қуролли кучлари томонидан юзага келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилишга” қаратилган, дейилади АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) баёнотида.

Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) Эрон ҳаво ҳудудига бостириб кирган Американинг учувчисиз учар қурилмасини (дрон) уриб туширгани, шунингдек, қирувчи самолёт ва яна бир дронни ўққа тутганини эълон қилди. Воқеа қачон содир бўлганига аниқлик киритилмаган.

Қўшимча қилинишича, Эрон АҚШ томонидан сулҳ режимининг ҳар қандай бузилишига жавобан “қонуний ва аниқ белгиланган” чора кўриш ҳуқуқига эга.

“АҚШ Қуролли кучлари бугун Эрон жанубида қўшинларимизни Эрон кучларидан келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун ўзини ўзи мудофаа қилиш мақсадида зарбалар берди. Марказий қўмондонлик амалдаги сулҳ режими давомида босиқлик кўрсатган ҳолда ўз кучларини ҳимоя қилишда давом этмоқда”, – дея таъкидлади CENTCOM вакили, капитан Тим Хокинс ўз баёнотида.

Капитаннинг қўшимча қилишича, Америка зарбалари Эроннинг жанубий порт шаҳри ва Ҳурмуз бўғозида жойлашган ҳарбий-денгиз базаси бўлган Бандар-Аббос яқинидаги ҳудудга йўлланган.

Аввалроқ, Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Бандар-Аббосда портлашлар эшитилганидан сўнг маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тергов олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Шунингдек ўқинг

АҚШнинг сўнгги зарбалари Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий тинчлик битимига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум.

АҚШ зарбаларидан сўнг, Давлат котиби Марко Рубио келишувга эришиш имконияти ҳали ҳам мавжудлигини айтиб, сешанба куни Эроннинг бош музокарачиси ва Ташқи ишлар вазири ҳамда Қатар Бош вазири ўртасида бўлиб ўтган музокараларга ишора қилди.

“Олдинга силжишга эриша оламизми, йўқми, кўрамиз. Назаримда, дастлабки ҳужжатда аниқ иборалар борасида кўп муҳокамалар бўляпти, шунинг учун бу бир неча кун вақт олади”, – деди Марко Рубио Ҳиндистонга расмий ташрифи чоғида журналистларга.

Айни пайтда, “BBC” хабарига кўра, Эрон олий раҳбари Мужтабо Хоманаий ҳар йили ўтказиладиган Ҳаж зиёратига бағишланган мурожаатида Яқин Шарқ “энди Америка базалари учун паноҳ жой бўлмаслигини” айтган.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Ҳурмуз бўғозида Эрон ва АҚШ ўртасида юз берган, томонларнинг ҳар бири иккинчисини айблаган тўқнашув Дональд Трампни сулҳ режимини сақлаб қолишни қатъий талаб қилишга ундаган эди.

“AP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш