Тошкентда ўзбек ва япон санъаткорлари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтади
Август 19, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 120ТОКИО, 19 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида таниқли қўшиқчи ва бастакор Томоко Като бошчилигидаги санъат ва маданият вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда жорий йилнинг 6–13 октябрь кунлари Япония делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, маданий алмашинув ва санъат соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар мазкур ташриф доирасида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган қўшма концерт дастури ҳамда маданий тадбирларнинг ташкилий жиҳатларини ҳам кўриб чиқди.
Маълум қилинишича, Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида бўлиб ўтадиган махсус концерт “Япония–Ўзбекистон Ипак йўли” жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилади. Унда икки мамлакатнинг таниқли санъаткорлари иштирок этади.
Концерт дастуридан Томоко Катонинг “Миллион атиргул”, “Ўтган кунлар ҳақида гапирмоқ” ва бошқа машҳур қўшиқлари ўрин олган. Шунингдек, саҳнада Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри, “Тумор” рақс ансамбли ҳамда таниқли опера хонандаси Жаҳонгир Пиязовнинг чиқиш қилиши режалаштирилган.
Учрашув якунида Томоко Като мусиқа халқларни яқинлаштирувчи универсал тил эканини таъкидлаб, бўлажак концерт Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Томоко Като 2003 йилда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури доирасида Оролбўйи ҳудудига ташриф буюриб, Нукус, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида бўлган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

