Куала-Лумпурда Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз тартибни янада соддалаштириш масаласи муҳокама қилинди

Август 15, 2026. 10:00 • 2 дақ

102
Куала-Лумпурда Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз тартибни янада соддалаштириш масаласи муҳокама қилинди

 КУАЛА-ЛУМПУР, 15 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари ушбу давлат Миграция департаменти бош директори ўринбосари Аминудин бин Яҳая билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кунгача визасиз тартибни янада соддалаштириш ва узоқ муддатли виза олиш жараёнларини енгиллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Дипломатлар ватандошлар учун визасиз кириш мумкин бўлган мамлакатлар, виза жараёнларини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, мамлакатимизда хавфсиз ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш, хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган, таҳсил олаётган ҳамюртларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда дунёнинг 93 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилгани ҳамда яна 70 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун электрон виза тизими ишга туширилгани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Малайзия давлат раҳбарларининг ўзаро расмий ташрифлари давомида эришилган келишувлар натижасида савдо-иқтисодий, туризм, таълим, маданий-гуманитар йўналишларда халқларимиз ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганига эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Аминудин бин Яҳая мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги сайёҳлар сони ошиб бораётганини эътироф этди.

Миграция департаменти вакиллари Малайзияда қонуний бўлиб туриш учун рухсатномалар олган Ўзбекистон фуқаролари сони тобора кўпаётганини билдирди. Ўзбекистонликлар Малайзияга асосан таълим олиш ва малакали мутахассис сифатида меҳнат фаолияти олиб бориш учун келаётгани қайд этилди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш