Ўзбекистон ва Дания ўртасида бизнес ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Август 12, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 44
КОПЕНГАГЕН, 12 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Стокгольм шаҳридаги элчихонаси ташаббуси билан Дания ТИВ Европа қўшничилиги департаменти директори Петер Лассен ва Дания Саноат конфедерацияси директори ўринбосари Йенс Холст-Нильсен иштирокида онлайн учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистон ва Дания ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳамда хусусий сектор вакиллари ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мулоқот давомида Даниянинг юқори технологияли ва инновацион компанияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига жалб этиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, тоғ-кон саноати, энергия тежамкорлиги, кимё саноати, балиқчилик, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Онлайн учрашув якунида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий алоқаларни кучайтириш мақсадида бизнес делегациялар алмашинувини ташкил этишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси