Каха Имнадзе: Ўзбекистоннинг тинчлик, яхши қўшничилик, минтақавий барқарорликка қаратилган йўли Марказий Осиё ва ундан ташқари ҳудудларда янги мулоқот ҳамда ҳамкорлик маданиятини шакллантирмоқда

Август 07, 2026. 08:10 • 12 дақ

57
Каха Имнадзе: Ўзбекистоннинг тинчлик, яхши қўшничилик, минтақавий барқарорликка қаратилган йўли Марказий Осиё ва  ундан ташқари ҳудудларда янги мулоқот ҳамда ҳамкорлик маданиятини шакллантирмоқда

АШХОБОД, 7 август. /“Дунё” АА/. БМТ бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе “Дунё” АА мухбирига берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрни, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, минтақавий интеграция ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритди.

– Бу йил Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганига 10 йил тўлади. Сиз ушбу даврда қўлга киритилган натижаларни қандай баҳолайсиз ва, фикрингизча, мамлакатда юз берган қайси ўзгаришлар энг аҳамиятлидир?

– Сўнгги ўн йилликдаги ислоҳотлар ҳақли равишда “Янги Ўзбекистон” даври деб аталмоқда, чунки биз тизимли қонунчилик ва институционал ўзгаришлар, самарали давлат бошқарувининг мустаҳкамланиши ҳамда кенг кўламли модернизация туфайли мамлакатнинг қайта тикланишига чиндан ҳам гувоҳ бўлдик. Биз минтақавий яқинлашув, интеграция ва проактив халқаро ҳамкорликка муваффақиятли ўтган давлатни кўриб турибмиз.

Ўзбекистон иқтисодиёти янада очиқ ва бозор механизмларига йўналтирилган бўлди. Валютанинг либераллаштирилиши, капитал ҳаракати ва ташқи савдога қўйилган чекловларнинг бекор қилиниши, шунингдек, давлат активларининг хусусийлаштирилиши тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг барқарор ўсишига хизмат қилди. Булар шунчаки юзаки ўзгаришлар эмас, балки Ўзбекистон иқтисодиётининг фаолият юритиш тамойилларини ҳамда мамлакатнинг халқаро ҳамкорлар томонидан идрок этилишини ўзгартирган чуқур таркибий ислоҳотлардир.

Чиқиш визалари тизимининг бекор қилиниши, умуман, виза режимининг соддалаштирилиши, шунингдек, янада очиқ ахборот муҳити шакллантирилгани, жумладан, халқаро оммавий ахборот воситаларининг мамлакатда фаолият юритиш имкониятлари кенгайтирилгани шаффофлик ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорликни ошириш йўлидаги амалий қадамлар бўлди. Буларнинг барчаси салмоқли ютуқлардир, бироқ мен учун, эҳтимол, энг муҳим ўзгариш янги ташқи сиёсат курси бўлди.

Марказий Осиё дипломатиясига устуворлик берилиши қўшни давлатлар ўртасида ўзаро ишончни тиклашга, кўп йиллик чегара ва сув масалаларини ҳал этишга, шунингдек, Тошкентнинг минтақавий мулоқотнинг чинакам маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлашга ёрдам берди. Бу, шунингдек, Марказий Осиёдаги геосиёсий вазиятни ўзгартириб, уни зиддиятлар маконидан тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш соҳасидаги умумий таҳдидларга биргаликда жавоб беришга яхшироқ тайёрланган ҳамкорликка асосланган минтақавий тизимга айлантиришга кўмаклашди.

– Сўнгги ўн йил мобайнида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Ушбу ҳамкорликнинг қайси натижаларини энг муваффақиятли деб ҳисоблайсиз ва келажакда қандай қўшма лойиҳалар устувор бўлиши мумкин?

– БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази минтақа давлатларининг ўз илтимосига кўра, уларга хавфсизлик соҳасидаги умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун бетараф ва холис майдон тақдим этиш мақсадида ташкил этилган. Ўзбекистон бошиданоқ бу саъй-ҳаракатларда энг фаол ҳамкорларимиздан бири бўлиб, зиддият ўрнига изчил равишдаги мулоқотни афзал билиб келмоқда ва йилдан-йилга БМТ Бош Ассамблеясидаги мандатимизни қўллаб-қувватламоқда.

Бир нечта энг муҳим натижаларни алоҳида таъкидлаш мумкин. Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларида Ўзбекистон минтақадаги энг узоқ давом этган кескинлик манбаларидан бирини бартараф этишда конструктив роль ўйнади. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларининг Хўжандда бўлиб ўтган уч томонлама саммити ҳамда унинг якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатлар яхши қўшничилик муносабатларидаги давлатлар кўп йиллик чегара масалаларини қай тарзда муваффақиятли ҳал қила олишини намойиш этди.

Бугун биз бу муваффақиятни Фарғона водийсидаги тинчлик жараёни доирасида, жумладан, ҳар учала мамлакат ёшларини тинчлик ва ишончни мустаҳкамлашга бевосита жалб қиладиган “Ёш тинчликпарварларнинг трансчегаравий ташаббуси” номли янги лойиҳа орқали ривожлантирмоқдамиз.

Терроризмга қарши кураш соҳасида ва 2022 йилда Тошкентда келишилган Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида бутун минтақа бўйлаб зўравонликка олиб келувчи экстремизмнинг олдини олиш, терроризмга қарши курашиш, шунингдек, қуролли можаролар ҳудудларидан қайтган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича ўқув тадбирларини ўтказяпмиз ҳамда экспертлар алмашинувини ташкил этяпмиз.

Сув ресурслари, энергетика ва иқлим ўзгариши – тарихан дарёларнинг юқори ва қуйи оқимларида жойлашган мамлакатлар муносабатларидаги энг нозик масалалардан бири бўлиб, биз бу мавзуни қарама-қаршилик эмас, балки ҳамкорлик руҳида сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Орол денгизи инқирози билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Умуман олганда, сув ресурслари масаласини фақат экологик муаммо сифатида эмас, балки тинчлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан кўриб чиқаяпмиз.

Инклюзивлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Марказий Осиё экспертлар форуми, Аёл етакчилар форуми ва Ёшлар учун превентив дипломатия академияси каби платформалар минтақавий мулоқот иштирокчилари доирасини сезиларли даражада кенгайтирди. Бугунги кунда унда нафақат ҳукумат вакиллари, балки тадқиқотчилар, аёл етакчилар ва ёшлар ҳам қатнашмоқда. Ўзбекистон бу каби кенг қамровли ва инклюзив ёндашувни доимо қўллаб-қувватлаб келади.

– Ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири янада очиқ, сармоявий жозибадор ва халқаро ҳамкорликка йўналтирилган иқтисодиётни яратиш бўлди. Сизнинг баҳонгизга кўра, ушбу ўзгаришлар халқаро ҳамжамият, сармоядорлар ва ҳамкорларнинг ишончини мустаҳкамлашга қанчалик ҳисса қўшди?

– Иқтисодий ривожланиш, молия ва сармоя масалалари БМТ Бош котибининг махсус вакили ва Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари сифатидаги бевосита ваколатларим доирасига кирмайди. Шунга қарамай, юз бераётган жараёнлар кузатувчиси сифатида шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистон ўз қонунчилиги ва меъёрий-ҳуқуқий базасини халқаро стандартларга изчил мувофиқлаштириб бормоқда.

МДҲ доирасидаги эркин савдо режимининг афзалликларидан фойдаланган мамлакат, шунингдек, Европа Иттифоқининг ГСП+ преференциал савдо мақомига эга бўлди, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қайта бошлади, минтақадаги ва ундан ташқаридаги асосий ҳамкорлар билан савдо ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтирди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Хорижий инвесторлар халқаро кенгаши ташкил этилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон юқори таваккалчиликка эга деб қаралган иқтисодиётдан рақобатбардош пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатига, шунингдек, олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган ишбилармонлик муҳитига эга давлатга айланди. Буларнинг барчаси амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ҳамда халқаро ҳамжамият, сармоядорлар ва ҳамкорлар ишончи ортиб бораётганининг яққол далилидир.

Йирик халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини оширди, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса сезиларли даражада кўпайди. Халқаро молия институтлари мамлакатдаги сармоявий портфелларни анча кенгайтириб, саноат, транспорт, логистика, энергетика, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, фуқаролик инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни молиялаштирмоқда ҳамда тобора фаол равишда узоқ муддатли таркибий молиялаштиришга ўтмоқда.

Бундан ташқари, биз давлат ва корпоратив облигациялар муваффақиятли жойлаштирилганига, шунингдек, акцияларнинг бирламчи оммавий таклифи ўтказилганига гувоҳ бўлдик. Бу бугунги кунда халқаро капитал бозорлари Ўзбекистонни барқарор молиявий тизимга ва қулай сармоявий муҳитга эга мамлакат сифатида қабул қилаётганидан далолат беради. Буларнинг барчаси олиб борилаётган ислоҳотларнинг бевосита натижасидир.

– Ўн йиллик ислоҳотлар давомида Ўзбекистон қатор халқаро ва минтақавий лойиҳаларнинг ташаббускорига айланди. Сизнингча, амалга оширилган ташаббусларнинг қайси бири нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё ва умуман халқаро ҳамжамият учун ҳам узоқ муддатли аҳамиятга эга?

– Бугунги Марказий Осиё бир неча йил аввалгига қараганда чуқур интеграциялашган, жипслашган ва ягона ҳудуддир. Умумий манфаатлар асосида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақавий хатарларга биргаликда ечим излашнинг асосий минтақавий механизмига айланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини эслашнинг ўзи кифоя.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” Ўзбекистоннинг ўзаро боғлиқлиги кучлироқ ва барқарор минтақани шакллантириш тарафдори бўлган давлат сифатидаги стратегик қарашларини ифода этади. Шу йўналишда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази 2025 йилда ишга тушган “Термиз мулоқоти” жараёнини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ушбу платформа Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга, жумладан, Афғонистонни минтақавий ҳамкорликка конструктив жалб этиш йўлларини излашга қаратилган.

Шунингдек ўқинг

Бу ишлар Ўзбекистоннинг ўзаро боғлиқликни илгари суриш бўйича кўп йиллик саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми бўлиб, бунга, хусусан, 2021 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” номли халқаро анжуманда асос солинган эди. 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган резолюциянинг бир овоздан қабул қилиниши ҳам муҳим босқич бўлди.

Биз учун, яъни БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази учун “Термиз мулоқоти” икки минтақада умумий тинчлик, дўстлик ва фаровонлик маконини шакллантириш бўйича узоқ муддатли мажбуриятдир.

Албатта, Ўзбекистон БМТда қатор муҳим ташаббусларни ва резолюция лойиҳаларини илгари сурди. Бироқ мен Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси юқори даражадаги умумий мунозаралари чоғида тақдим этган Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши йўлида минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш ташаббусини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Ушбу резолюциянинг қабул қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан яқин-яқингача мураккаб зиддиятлар ва чуқур илдиз отган ўзаро ишончсизлик билан тавсифланган минтақа бугунги кунда ишонч билан мулоқот, яхши қўшничилик ва биргаликда тараққий этиш маконига айланиб бораётганининг тан олиниши бўлди.

Бундан ташқари, ҳужжатда превентив дипломатиянинг алоҳида аҳамияти таъкидланиб, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказининг можароларнинг олдини олиш, ишончни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли минтақавий барқарорликни таъминлашдаги муҳим механизм сифатидаги асосий роли қайд этилди.

– Кўплаб халқаро экспертлар Янги Ўзбекистон ислоҳотлари тажрибасини минтақадаги кенг кўламли трансформацияларнинг энг ёрқин намуналаридан бири сифатида эътироф этмоқда. Сизнингча, бу тажрибанинг қайси жиҳатлари бошқа давлатлар учун алоҳида қизиқиш уйғотади?

– Бошқа давлатлар учун ҳам қизиқиш уйғотадиган энг муҳим ўзгаришлардан бири 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги йўналишга ўтилгани бўлди. Тинчлик, яхши қўшничилик ва минтақавий барқарорлик курси кўп йиллик ўзаро ишончсизлик даврининг ўрнини эгаллаб, нафақат Марказий Осиёда, балки унинг ташқарисида ҳам янги мулоқот ва ҳамкорлик маданиятини шакллантирди.

Тарихан шаклланган кескинлик ёки узоқ давом этган низоларга дуч келаётган мамлакатлар учун асосий сабоқ шундан иборатки, кўпинча ички ислоҳотларнинг ўзигина кифоя қилмайди. Ташқи сиёсатдаги ўзгаришлар ҳам кам аҳамиятга эга эмас, аксинча, кўп ҳолларда айнан улар муваффақиятли ўзгаришлар учун зарур шарт-шароитларни яратади. Қўшни давлатлар ўртасидаги ишонч иқтисодий ёки институционал ислоҳотлар натижасида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди, аксинча, кўпинча уларнинг зарурий шартига айланади. Ўзбекистон тажрибаси чегара масалаларини ҳал этиш, савдо йўлакларини очиш ва қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга мулоқот, ўзаро ишонч ва конструктив ҳамкорлик йўлини онгли равишда танлаш орқали эришилганини яққол кўрсатиб турибди.

Кенг кўламли ўзгаришларга интилаётган ҳар қандай мамлакат учун бу минтақавий даражада ишончни тиклашга иқтисодий ва институционал ўзгаришларнинг иккинчи даражали йўналиши ёхуд қўшимча самараси сифатида эмас, балки мустақил стратегик ислоҳот сифатида қараш лозимлигини англатади.

Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги тажрибаси ҳам эътиборга молик. Мамлакат нисбатан қисқа вақт ичида валюта бозорини эркинлаштиришга, чиқиш визалари тизимини бекор қилишга, савдо ва инвестиция тартиб-таомилларини сезиларли даражада соддалаштиришга, давлат активларини хусусийлаштиришга ҳамда илгари ёпиқ бўлган тармоқларни хорижий инвесторлар учун очишга муваффақ бўлди. Мазкур чора-тадбирлар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва ташқи савдо ҳажмининг сезиларли ўсишини таъминлади, шунингдек, миллий иқтисодиётнинг минтақавий ва жаҳон бозорларига интеграциялашув даражасини анча оширди. Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти ўн йил аввалгига қараганда анча рақобатбардош, очиқ ва динамикдир.

Шунга ўхшаш ислоҳотларни ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётган давлатлар учун Ўзбекистон тажрибаси ислоҳотларнинг изчиллиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди. Институционал ислоҳотлар ва инвестицияларни ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари билан мустаҳкамланган валюта ва савдо режимларини эркинлаштириш ислоҳотларнинг барқарор суръатини сақлаб қолиш, бизнес ва инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик хавфини камайтиришга имкон беради.

– Агар келгуси ўн йиллик ҳақида гапирадиган бўлсак, сизнингча, Ўзбекистоннинг янада барқарор ривожланиши ва жаҳон иқтисодиёти ҳамда халқаро сиёсатдаги ўрнини мустаҳкамлашда ислоҳотларнинг қайси йўналишлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади?

– Ўзбекистон ҳам минтақавий, ҳам халқаро майдонда тобора сезиларли ва конструктив роль ўйнаётган минтақавий давлатга айланди. Бугунги парчаланган дунёда мамлакатнинг бирлаштирувчи куч вазифасини бажаришга ва давлатлар ўртасида кўприклар қуришга интилишини баҳолаш қийин. Айнан шундай ёндашув Ўзбекистон ва унинг раҳбариятига муносиб халқаро эътироф ва ҳурмат келтирди.

Келгуси ўн йилликда мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва унинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш кўп жиҳатдан эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишларни изчил амалга оширишга боғлиқ бўлади. Камбағалликни янада камайтириш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, коррупцияга барҳам бериш, фуқаролик жамияти, ёшлар ва хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, иқлим ва сув муаммоларига самарали жавоб бериш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг глобал ишлаб чиқариш ва логистика занжирларига янада интеграциялашуви асосий вазифалар сирасига киради.

Шу маънода, Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва илғор халқаро тажриба алмашиш учун нуфузли майдонга айланган Камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро форум алоҳида аҳамиятга эга. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш номидан Наманганда “Камбағалликдан фаровонлик сари” шиори остида ўтган учинчи форум ишида шахсан иштирок этдим. Юқори даражадаги форумни Президент Шавкат Мирзиёев очиб берди ва камбағалликни қисқартириш бўйича комплекс ёндашувларни муҳокама қилиш учун Марказий Осиё мамлакатлари ва дунёнинг бошқа минтақаларидан ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, экспертлар ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирди.

Форум иши камбағаллик ва беқарорлик ўртасидаги узвий боғлиқликни, шунингдек, мустаҳкам ва барқарор тинчлик узоқ муддатли тараққиёт ва фаровонликнинг зарурий шарти эканини яна бир бор тасдиқлади.

– Мустақилликнинг 35 йиллиги ва Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг 10 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз раҳбарияти ва халқига қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?

– Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини юбилейлар билан самимий табриклайман. Бу чиндан ҳам муҳим саналар ва мамлакатни ортга қайтмас модернизация қилиш учун мустаҳкам пойдевор яратган ўн йиллик изчил ва машаққатли меҳнатни нишонлаш учун муносиб асосдир. Ушбу муҳим босқич узоқни кўра биладиган раҳбарият ва меҳнаткаш, ҳаракатчан Ўзбекистон халқи ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг натижаси бўлди.

Ишончим комилки, шаффофлик, инклюзивлик ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқликка асосланган ислоҳотларнинг эришилган суръати, Марказий Осиё ва ундан ташқарида мустаҳкам тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадидаги минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни чуқурлаштириш йўли келгуси йилларда ҳам изчил давом этади ва ривожланади.

Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ўртасидаги боғлиқлик Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатида доимо марказий ўринни эгаллаб келмоқда ва унинг минтақа халқларининг бой тарихий мероси, умумий қадриятлари ва цивилизациявий бирлигига асосланган Марказий Осиёнинг умумий, тинч ва фаровон келажаги ҳақидаги қарашларининг асосини ташкил этади.

Биз, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, ушбу эзгу мақсадларга эришишда Ўзбекистон ва минтақадаги барча давлатларнинг ишончли ҳамкори бўлишдан фахрланамиз. Фурсатдан фойдаланиб, Марказимиз фаолиятини доимий қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, мамлакат вакилларининг ташаббусларимизни амалга оширишдаги фаол иштироки учун Ўзбекистонга самимий миннатдорлик билдираман.

Ишончим комилки, конструктив ҳамкорлигимиз ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз келгусида ҳам умумий минтақавий муаммоларга узоқ муддатли ва барқарор ечимлар топиш, Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, келажак авлодлар учун янада қулай истиқболлар яратишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш