Ўзбекистонда бизнес рақамлаштиришдан технологик янгиланишга ўтмоқда

Август 20, 2026. 13:00 • 6 дақ

129
Ўзбекистонда бизнес рақамлаштиришдан технологик янгиланишга ўтмоқда

ТОШКЕНТ, 20 август. /“Дунё” АА/. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) Савдо-саноат палатаси (ССП) билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтаётган бизнес муҳитини ўрганиш мақсадида барча ҳудудлардан 5 мингдан ортиқ тадбиркор ўртасида кенг кўламли сўровнома ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадқиқот натижалари бизнеснинг кейинги ўсиш имкониятлари кўп жиҳатдан ишлаб чиқариш ва бошқарувга замонавий технологияларни жорий этишга боғлиқ эканини кўрсатмоқда. Ушбу сўров бизнес юритиш шароитлари ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш ва хусусий секторни ривожлантириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.

Сўров иштирокчиларининг асосий қисмини хусусий бизнес вакиллари (93%) ташкил этди. Фаолият турлари бўйича улгуржи ва чакана савдо энг катта улушга эга бўлиб (43%), хизматлар соҳасига қарийб учдан бир қисми (30%) тўғри келади. Кейинги ўринларда саноат (17%), қурилиш (8%), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги (2%) тармоқлари туради.

Сўровнома турли фаолият тажрибасига эга корхоналарни қамраб олган. Қарийб ҳар тўртинчи корхона 10 йилдан ортиқ (24%), тўртдан биридан кўпроғи 5 йилдан 10 йилгача (28%), қарийб тўртдан бири 3 йилдан 5 йилгача (26%), ҳар бешинчи корхона эса 1 йилдан 3 йилгача (20%) фаолият юритиб келмоқда.

Сўров натижалари корхоналар меҳнат унумдорлиги ва самарадорликни ошириш учун турли замонавий воситалардан фойдаланаётганини кўрсатмоқда. Ҳар учинчи корхона бир нечта рақамли ечимларни жорий этган (33%), шунга яқин қисми сунъий интеллектдан камида икки йўналишда фойдаланмоқда (30,4%), қарийб ҳар тўртинчи корхона эса энергия тежамкор ечимларни қўлламоқда (23,2%). Шу билан бирга, корхоналар янги маҳсулот ва технологияларни жорий этмоқда, таннархни пасайтириш мақсадида ишлаб чиқариш ва бизнес жараёнларини қайта кўриб чиқмоқда.

Комплекс чораларни қўллаш корхоналар фаолиятининг юқорироқ натижалари билан бевосита боғлиқдир. Самарадорликни ошириш бўйича камида учта чорани жорий этган компанияларнинг ярмидан кўпи маҳсулот ва хизматларга бўлган талаб ошганини қайд этган (54,1%). Бундай корхоналар таннархни 4,1 баробар кўпроқ ҳолатда пасайтиришга эришмоқда, иш ҳақи 10 фоиздан ортиқ ошган компаниялар улуши эса 2,1 баробар юқори.

Самарадорликни ошириш бўйича камида учта чорани жорий этган корхоналар юқорироқ инвестиция фаоллигини ҳам намоён этмоқда. Уларнинг ярмидан кўпи келгуси йилда инвестиция ҳажмини оширишни режалаштирган (57,8%).

Шу билан бирга, самарадорликни ошириш воситаларини комплекс қўллаш ҳозирча кенг тарқалмаган. Уч ва ундан ортиқ чорани тахминан ҳар тўққизинчи корхона жорий этган (11,6%), тўртдан биридан кўпроғи эса кўриб чиқилган чораларнинг бирортасини ҳам қўлламаган (28,5%).

Тармоқлар кесимида уч ва ундан ортиқ чора саноат ва хизматлар соҳасидаги корхоналарда кўпроқ учрайди (ҳар иккисида 13%), савдода 11%, қурилишда 9% ва қишлоқ хўжалигида 8%ни ташкил этади.

Ҳудудлар кесимида фарқлар янада сезиларлидир. Комплекс чоралар Тошкент шаҳрида энг кенг қўлланмоқда (18%), Самарқанд (4%), Бухоро (3%) ва Сирдарё (2%) вилоятларида эса кўрсаткичлар анча паст.

Сўров натижалари корхоналар орасида базавий рақамли ечимлар жуда кенг тарқалганини кўрсатмоқда (94%).

Сунъий интеллектдан у ёки бу шаклда корхоналарнинг ярмидан кўпи фойдаланмоқда (60%). Сунъий интеллект маркетинг ва савдода (24%), ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштиришда (15%), бухгалтерия ҳисоби ва молиявий таҳлилда (14%), шунингдек, чат-ботларда (13%) кўпроқ қўлланмоқда.

Шу билан бирга, бевосита ишлаб чиқариш, логистика ва молиявий жараёнларда сунъий интеллектдан корхоналарнинг қарийб учдан бири (31%) фойдаланмоқда. Бу эса уни амалиётга янада кенг жорий этиш учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.

Қарийб ҳар иккинчи корхона савдо ва мижозлар билан ишлашни ташкил этишда мижозлар билан муносабатларни бошқариш тизимларидан (CRM) фойдаланмоқда (48%). CRM тизимлари хизматлар соҳасида энг кенг қўлланади (54%). Рақамли бизнес-таҳлил воситаларидан эса ҳар еттинчи корхона фойдаланмоқда (14%). Хусусий корхоналарнинг қарийб ярми бундай тизимлардан фойдаланмайди, тўртдан биридан кўпроғи эса бундай рақамли ечимлар ҳақида маълумотга эга эмас.

Ижтимоий тармоқлар ҳар бешта корхонанинг тўрттасидан кўпроғи учун маҳсулотни илгари суриш ва мижозлар билан ишлашнинг одатий каналига айланган (80,9%). Онлайн-савдо корхоналарнинг ярмидан кўпида йўлга қўйилган (58,8%), бироқ маҳсулотининг ярмидан кўпини интернет орқали сотадиган корхоналар улуши ҳали ҳам паст кўрсаткичга эга (9%). Рақамли тўлов тизимларидан эса ҳар тўртинчи корхона фойдаланмоқда (25%).

Тармоқлар кесими рақамли воситалардан фойдаланиш хусусиятларида ўзига хос фарқлар мавжудлигини кўрсатади.

Шунингдек ўқинг

Хизматлар соҳасида CRM тизимлари энг кенг қўлланмоқда (54%). Шунингдек, бошқа тармоқларга нисбатан сунъий интеллект (68%), онлайн-савдо (67%) ва ижтимоий тармоқлардан (87%) фойдаланиш кўрсаткичи юқори.

Саноатда CRM тизимлари (49%) ва сунъий интеллект (60%), шунингдек, онлайн-савдо (61%) ва ижтимоий тармоқлар (81%) кенг тарқалган.

Савдода рақамли тўлов тизимларидан фойдаланиш нисбатан юқори (31%). Корхоналарнинг ярмидан кўпи сунъий интеллект (55%) ва онлайн-савдодан (54%) фойдаланади, ижтимоий тармоқларни эса корхоналарнинг тўртдан уч қисмидан кўпроғи қўллайди (77%).

Қурилишда ижтимоий тармоқлар энг кенг қўлланмоқда (80%). Корхоналарнинг ярмидан кўпи сунъий интеллект (55%) ва онлайн-савдодан (51%) фойдаланади, CRM тизимларини эса 43% корхона қўллайди.

Қишлоқ хўжалигида рақамли тўлов тизимлари нисбатан кенг тарқалган (30%). Шу билан бирга, корхоналарнинг 43%и сунъий интеллектдан фойдаланади, 49%да онлайн-савдо йўлга қўйилган, 66% эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.

Тадқиқот натижалари корхоналар самарадорлигини янада ошириш имкониятлари замонавий технологиялар ва бошқарув ечимларини кенгроқ жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва автоматлаштириш, рақамли савдо каналларини ривожлантириш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ эканини кўрсатмоқда.

Алоҳида йўналиш корхоналарни технологик янгилаш билан боғлиқ. Сўров натижалари янги маҳсулот ва технологияларни жорий этиш, талабнинг ўсиши ва инвестиция фаоллиги ўртасида чамбарчас боғлиқлик мавжудлигини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, корхоналарнинг ярми (51%) модернизация, янги маҳсулот, хизмат ва инновацияларни жорий этиш ҳисобига кейинги технологик янгиланиш учун имкониятларни сақлаб қолмоқда.

Рақамли ечимларни янада кенг жорий этиш уларни татбиқ қилиш шароитларига ҳам боғлиқ. Тадбиркорларнинг фикрига кўра, интернет инфратузилмасини яхшилаш (13%), малакали мутахассислар имкониятларини кенгайтириш (10%) ва технологияларни жорий этиш билан боғлиқ молиявий харажатларни камайтириш (9%) рақамлаштиришни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Кадрларга бўлган эҳтиёж тадқиқотнинг бошқа натижаларида ҳам ўз тасдиғини топган. Корхоналар турли малакага эга мутахассислар, жумладан, IT ва муҳандислик-техник кадрлар етишмаслигини қайд этган.

Умуман олганда, сўров натижалари бизнес самарадорлигини янада ошириш алоҳида рақамли воситалардан фойдаланишдан уларни бевосита ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига жорий этишга ўтиш билан бевосита боғлиқлигини кўрсатмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хулосалари Жаҳон банки тадқиқотлари натижалари билан ҳам тўлиқ мос келади. Корхоналар маълумотлари таҳлили шуни кўрсатадики, меҳнат унумдорлигининг энг сезиларли ўсиши рақамли технологияларга базавий киришдан мураккаброқ ечимлардан фойдаланишга ўтишда, жумладан, булутли сервислар, бошқарув тизимлари, таҳлил ва сунъий интеллектни қўллашда кузатилмоқда. Шу билан бирга, рақамли тўловлар ва онлайн-савдонинг ўзи ички бизнес жараёнларидаги ўзгаришлар билан бирга кечмаса, чекланган самара беради.

Технологик янгиланишнинг ҳали тўлиқ ишга солинмаган салоҳияти, аввало, бошқарув ва рақамли компетенцияларни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда технологияларга киришни қўллаб-қувватлашдан уларни корхоналарда амалий жорий этишга ўтишга боғлиқ.

Шу муносабат билан бизнесни қўллаб-қувватлашнинг кейинги чоралари технологияларни корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларига амалий жорий этишни кенгайтиришга йўналтирилиши лозим.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш