Logo

Душанбедан муносабат: Самарқанддаги ОТБ йиғилиши Марказий Осиёда янги иқтисодий моделни шакллантирмоқда

Май 05, 2026. 15:55 • 4 дақ

133
Душанбедан муносабат: Самарқанддаги ОТБ йиғилиши Марказий Осиёда янги иқтисодий моделни шакллантирмоқда

ДУШАНБЕ, 5 май. /“Дунё” АА/. Россия–Тожикистон (славян) университетининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Гўзал Майтдинова “Дунё” ААга Самарқандда бўлиб ўтаётган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишининг аҳамияти ҳақида фикр билдирди: 

­– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишида иштирок этиши оддий протокол тадбири эмас, балки Марказий Осиёда иқтисодий ривожланишнинг янги моделини шакллантиришда муҳим босқич бўлди. Ушбу модель минтақавий ўзаро боғлиқлик, инвестицион ҳамкорлик ва технологик модернизациянинг кучайишига асосланади.

Форумнинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни сифат жиҳатидан ўзгарганини кўрсатади. Мамлакат молиявий ёрдам олувчи субъектдан аста-секин минтақавий ташаббусларни илгари суриш ва кўп томонлама лойиҳаларни мувофиқлаштиришга қодир фаол иштирокчига айланмоқда.

Саммитнинг асосий натижаларидан бири – Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган 12,5 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастурининг имзоланиши бўлди. Бу нафақат мавжуд ҳамкорлик портфелини (қарийб 16 миллиард доллар) кенгайтиради, балки мамлакат иқтисодиётини трансформация қилиш бўйича узоқ муддатли стратегияни институционал жиҳатдан мустаҳкамлайди.

Муҳими, гап алоҳида инвестициялар ҳақида эмас, балки инфратузилма, энергетика, рақамли иқтисодиёт, инсон капитали ва хусусий тадбиркорликни қамраб олган комплекс ислоҳотларни молиялаштириш ҳақида бормоқда. Шу жиҳатдан, ОТБ нафақат донор, балки Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилишда асосий шерик сифатида намоён бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи иқтисодий сиёсатнинг янги босқичга ўтаётганини кўрсатди. Унда саноат ўсиши ва рақамли трансформацияни уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сунъий интеллектни ривожлантириш, миллий рақамли инфратузилмани яратиш ва глобал технологик занжирларга интеграция қилиш Ўзбекистоннинг Евроосиё рақамли иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллашга интилаётганини кўрсатади. Шунингдек, Тошкентда “Осиё учун рақамли магистраль” минтақавий марказини ташкил этиш таклифи мамлакатнинг рақамли ҳабга айланиш истагини янада кучайтиради.

Энергетика соҳасида ҳам муҳим ташаббуслар илгари сурилди. “Марказий Осиё – Европа” яшил энергетик коридорини ривожлантириш Ўзбекистоннинг тоза энергия бозорларига чиқиш ва минтақанинг ресурс салоҳиятини Европа бозори билан боғлашга қаратилган. Бу ташаббус иқтисодий аҳамият билан бирга геосиёсий аҳамиятга ҳам эга.

Шунингдек ўқинг

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси Евроосиё логистикасининг муҳим элементи сифатида баҳоланмоқда. У юк ташиш муддатини қисқартириш ва минтақанинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, “Рақамли божхона ва логистика альянси” ташаббуси транзакцион харажатларни камайтиришга ёрдам беради.

Самарқанд форумида минтақавий жамоат манфаатларини шакллантиришга қаратилган ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Жумладан, “Марказий Осиё яшил камари” ва “Туристик ҳалқа” лойиҳалари мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.

Ўзбекистон учун ушбу натижалар Евроосиёда иқтисодий трансформация марказларидан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди. ОТБ билан ҳамкорлик мамлакатнинг 2030 йилгача иқтисодиёти ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш ва юқори ўрта даромадли давлатлар қаторига кириш мақсадларини қўллаб-қувватлайди.

Тожикистон учун ҳам Самарқанд саммити катта аҳамиятга эга. Янги ташаббуслар мамлакатнинг транспорт, энергетика ва рақамли соҳалардаги минтақавий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтиради. Хусусан, логистика коридорлари ва яшил энергетика ташаббуслари Тожикистоннинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Умуман олганда, Самарқанд форуми Марказий Осиёни мувофиқлаштирилган стратегиялар ва ўзаро тўлдирувчи иқтисодиётлар маконига айланаётганини кўрсатди. Ўзбекистоннинг етакчи рол ўйнаши эса қўшни давлатларни ҳам интеграция жараёнларига фаол жалб этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ОТБ йиғилишидаги иштироки ва эришилган келишувлар инвестиция, инфратузилма ва технологияларга асосланган янги минтақавий ривожланиш моделини шакллантираётганини англатади. Бу Ўзбекистон учун иқтисодий модернизацияни тезлаштирса, Тожикистон учун янги имкониятлар эшигини очади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш