Покистондан муносабат: Чехия Ўзбекистоннинг ўсиш мақсадлари учун ўзаро тўлдирувчи шерик ҳисобланади
Май 02, 2026. 15:35 • 3 дақ
• 189
ИСЛОМОБОД, 2 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” медиа уйи директори ва бош муҳаррири Риаз Аҳмад Малик “Дунё” АА учун интервьюсида Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг 29-30 апрель кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга ташрифи оддий дипломатик мулоқотдан кўра кенгроқ аҳамиятга эга – у иқтисодий диверсификация, технологик тараққиёт ва глобал интеграция йўлида тобора уйғунлашаётган икки давлат ўртасидаги алоқалар чуқурлашаётганини англатади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг динамик ривожланаётган иқтисодиётларидан бирига айланди. Бу жараён либераллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва минтақавий боғлиқликни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида юз бермоқда. Шу ўзгаришлар фонида Европа давлатлари, айниқса Чехия билан ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этмоқда. Кучли саноат базаси, илғор муҳандислик салоҳияти ва иқтисодий трансформация тажрибасига эга Чехия Ўзбекистоннинг ўсиш мақсадлари учун ўзаро тўлдирувчи шерик ҳисобланади.
Тарихан Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги муносабатлар илиқ бўлган, аммо улар тўлиқ имкониятлардан фойдаланилмаган. Бош вазир Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга бўлиб ўтган ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказган самарали музокаралари эса ўзаро англашувни аниқ акс эттирди. Яъни, хайрхоҳликни аниқ иқтисодий ва институционал ҳамкорликка айлантириш вақти келди. Икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми ҳозирча катта эмас, аммо салоҳият жуда юқори. Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида бу кўрсатгични 1 миллиард АҚШ долларига етказишга келишиб олинди.
Ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларидан яна бири — саноатни модернизация қилишдир. Ўзбекистон ишлаб чиқариш базасини янгилашга интилаётган бўлса, Чехия аниқ муҳандислик, автомобиль қисмлари ва саноат технологиялари соҳасида катта тажрибага эга. Ишончлилиги ва инновацион ёндашуви билан танилган Чехия компаниялари Ўзбекистоннинг юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш жараёнида муҳим ўрин тутиши мумкин.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳам жуда муҳим. Ўзбекистон энергия манбаларини диверсификация қилиш ва самарадорликни оширишга интилар экан, Чехиянинг қайта тикланувчи энергия технологиялари ва энергияни бошқариш тизимлари бўйича тажрибаси жуда қимматли бўлиши мумкин. Бу ҳамкорлик нафақат иқтисодий ўсишга, балки глобал ривожланиш кун тартибида муҳим ўрин тутаётган барқарорлик мақсадларига ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон ислоҳотлар ва очиқлик йўлида олға интилаётган бир пайтда, Чехия каби шерикликлар унинг иқтисодий келажагини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Чехия эса Осиёнинг чорраҳасида жойлашган, келажакка интилаётган Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш орқали катта фойда олиши мумкин.
Хулоса аниқ, бу ташриф аниқ натижаларга олиб келади. Шунингдек, бу оддий ташриф эмас, балки Ўзбекистон–Чехия муносабатларининг янада мақсадли ва динамик босқичига қадам қўйилишидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси