Кувайт матбуоти: Ўзбекистонда шаҳарсозлик ва кўчмас мулк соҳасида янги имкониятлар очилмоқда

Август 11, 2026. 19:36 • 2 дақ

69
Кувайт матбуоти: Ўзбекистонда шаҳарсозлик ва кўчмас мулк соҳасида янги имкониятлар очилмоқда
Кувайт матбуоти: Ўзбекистонда шаҳарсозлик ва кўчмас мулк соҳасида янги имкониятлар очилмоқда

АЛ-КУВАЙТ, 11 август. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг етакчи “Times Kuwait” ва “Al Wakt News” нашрларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳити, шаҳарсозлик ва кўчмас мулк бозоридаги ўзгаришларга бағишланган мақолалар эълон қилинди.

Мақолаларда ёзилишича, Ўзбекистон кўчмас мулк бозори сўнгги йилларда жадал суръатларда ривожланмоқда. Мамлакатда аҳоли сонининг ортиши, урбанизация жараёнларининг тезлашиши янги турар жойлар, тижорат объектлари ва инфратузилма лойиҳаларига бўлган талабнинг ўсишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистонда қурилиш ишлари ҳажми 18,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Фуқаролик қурилиши лойиҳалари қиймати эса қарийб 8,1 миллиард АҚШ долларига етди. Мамлакат аҳолиси 38 миллион кишидан ошгани ва аҳолининг 50 фоиздан ортиғи шаҳарларда яшаётгани уй-жой ва шаҳар инфратузилмасига бўлган талабнинг барқарор ўсишини таъминламоқда.

2026 йилда 140 мингта янги хонадон қуриб битказиш режалаштирилаётгани ҳам инвесторлар учун бозор кўлами ва истиқболларини намоён этувчи муҳим кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда. Инвесторлар учун Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби минтақаларда ҳам янги имкониятлар яратилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистондаги инвестиция имкониятлари фақат турар жой қурилиши билан чеклангани йўқ. Офислар, савдо мажмуалари, омборхоналар, таълим ва тиббиёт объектлари, меҳмонхоналар, логистика ва саноат зоналари бунёд этилмоқда.

Мақолаларда Ўзбекистон бозоридаги имкониятлар билан бир қаторда, инвесторлар эътибор қаратиши лозим бўлган омиллар ҳам холисона таҳлил қилинган. Жумладан, қурилиш харажатларининг ўзгариши, ҳудудлар кесимида талабнинг фарқ қилиши, инфратузилма ҳолати, ер ажратиш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари, лойиҳаларни амалга оширишдан олдин ҳуқуқий ва техник экспертиза ўтказиш зарурлигига урғу берилган.

Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш, аҳоли ва шаҳарлар сонининг кўпайиши, инфратузилмага инвестицияларнинг ортиши кўчмас мулк бозорининг узоқ муддатли ривожланиши учун мустаҳкам замин яратаётгани хулоса қилинган.

Айни пайтда бозорнинг кейинги босқичида инвестиция лойиҳаларининг сифати, жойлашуви, молиялаштириш механизмлари ва профессионал бошқаруви ҳал қилувчи аҳамият касб этиши таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш