“Пахтакор-79” хотирасига бағишлаб Ўзбекистон ва Россия ҳаваскор футбол жамоаси ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилди

Август 18, 2026. 18:00 • 2 дақ

53
“Пахтакор-79” хотирасига бағишлаб Ўзбекистон ва Россия ҳаваскор футбол жамоаси ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилди

ПЕТРОЗАВОДСК, 18 август. /“Дунё” АА/. 1979 йилги авиаҳалокатда қурбон бўлган “Пахтакор” футболчилари хотирасига бағишлаб Ўзбекистон ва Россия ҳаваскор футбол жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўйин Петрозаводск шаҳрида бўлиб ўтган “Халқлар дўстлиги кубоги” халқаро спорт фестивали доирасида ташкил этилди. Ушбу тадбир Карелия Республикаси раҳбарининг грантлар жамғармаси, “Ташаббус” ННТ ҳамда мамлакатимизнинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси кўмагида амалга оширилди.

Маданий-маърифий учрашувларда спортчилар, футбол жамоатчилиги вакиллари ҳамда Карелия Республикаси ўзбекистонликлар бирлашмаси жамоат ташкилоти аъзолари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари фожиа қурбонлари хотирасига ҳурмат кўрсатиш мақсадида ўтказилган ўртоқлик учрашуви учун ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлик билдирди.

“Ташаббус” ташкилоти раҳбари Юрий Стародубцевнинг таъкидлашича, ушбу тадбир 2019 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда. Бундай ташаббуслар ёш авлод учун намуна бўлиши, уларда ҳам келгусида ўтганлар хотирасига ҳурмат кўрсатиш каби эзгу фазилатларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Карелия Республикаси ўзбекистонликлар бирлашмаси раҳбари Ядгарбек Мухторов “Пахтакор-79” фожиаси ўзбекистонликлар учун миллий ғурур ва умумий қайғу рамзи бўлиб қолишини билдирди.

Учрашувда қатнашганлар бу каби эзгу лойиҳалар халқ дипломатиясининг самарали воситаси бўлиб, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилишини эътироф этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш