Майкл Лопес-Алегриа: Ўзбекистон коинот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга

Октябрь 20, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 92
Майкл Лопес-Алегриа: Ўзбекистон коинот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга

САМАРҚАНД, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Америкалик астронавт-тадқиқотчи, “Axiom Space” компанияси бош астронавти Майкл Лопес-Алегриа “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда Ўзбекистондаги инвестиция муҳити ва космик технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр алмашди.

– “Axiom Space” – космик инфратузилмани ривожлантириш билан шуғулланувчи компания. Биз скафандрлар ва космик станцияни ишлаб чиқамиз ва яратамиз. Шунингдек, Халқаро космик станцияга хусусий бошқариладиган миссияларни амалга оширамиз. Биз Ўзбекистонни ушбу халқаро ҳамкорликнинг бир қисми сифатида кўришдан жуда мамнун бўлардик.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик астронавтни коинотга юбориш ниятини билдирди. Биз хусусий космик миссияларимиздан бирида Ўзбекистон вакилини қабул қилишга тайёрмиз.

Шунингдек ўқинг

Бугунги кунга қадар биз 11 мамлакатдан 12 нафар мижоз иштирок этган тўртта шундай миссияни амалга оширдик. Биз дастурларимиз географиясини кенгайтиришни давом эттиришни ва Ўзбекистонни халқаро бошқариладиган космик миссияларда иштирок этадиган давлатлар қаторига қўшишни истаймиз. Бу космик ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, юқори технологиялар соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади.

Бугунги кунда Ўзбекистон бизнес ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятларни фаол изламоқда. B2B ва B2G форматларида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Бу инвестицияларни жалб қилиш ва узоқ муддатли ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон кенг имкониятларга эга ва хорижий компаниялар бизнес юритиши учун жуда истиқболли жой, деб ҳисоблайман. Бу ерда янги лойиҳаларни амалга ошириш, технологик шерикликни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорларни жалб қилиш учун зарур барча шарт-шароитлар мавжуд.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш