Logo

Немис ОАВ: 2026 йил 1 январдан нуфузли “Gebrüder Weiss” компанияси Ўзбекистонда ҳам иш бошлади

Январ 22, 2026. 12:46 • 2 дақ

58
Немис ОАВ: 2026 йил 1 январдан нуфузли “Gebrüder Weiss” компанияси Ўзбекистонда ҳам иш бошлади
Немис ОАВ: 2026 йил 1 январдан нуфузли “Gebrüder Weiss” компанияси Ўзбекистонда ҳам иш бошлади

БЕРЛИН, 19 январь. /“Дунё” АА./ Германия ва Европанинг логистика ва транспорт соҳасига ихтисослашган “logistik-heute.de” ва  “transport-online.de” нашрларида Ўзбекистонда “Gebrüder Weiss” компанияси ваколатхонаси очилгани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, дунёнинг етакчи транспорт ва логистика компанияларидан бири бўлган “Gebrüder Weiss” 2026 йил 1 январдан Ўзбекистондаги ваколатхонасини мустақил шўъба корхонаси сифатида қайта ташкил этди. Бу ҳақда компаниянинг 15 январдаги расмий баёнотида маълум қилинган.

“Компаниянинг ушбу қарори Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал суръатлар билан ривожланаётгани ҳамда мамлакатда самарали логистика ечимларига бўлган талабнинг ортиб бораётгани билан изоҳланади. Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) қарийб 7 фоизга ўсди. Таҳлилчиларга кўра, 2026 ва 2027 йилларда ҳам бу кўрсаткич сақланиб қолиниши кутилмоқда”, деб ёзилган нашрда.

Қайд этилишича, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тақдим этилаётган солиқ имтиёзлари хорижий инвесторлар учун жозибадор муҳит яратиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ташқи савдо ҳажмининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилмоқда. Янги ташкил этилган тузилма Марказий Осиёга йирик ҳажмли қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларини етказиб беришга ихтисослашган хизматларни таклиф этади.

“Бугунги кунда Ўзбекистондаги кўплаб компаниялар ўз таъминот занжирларини халқаро бозорда янада ишончли ва рақобатбардош қилиш вазифаси олдида турибди. Хизматлар доирасини кенгайтириш орқали биз маҳаллий ва халқаро ҳамкорларимизни мақсадли қўллаб-қувватлаймиз”, дея таъкидлайди Ўзбекистондаги шўъба корхона раҳбари Комил Эрназаров.

“Gebrüder Weiss” компаниясининг Қора денгиз ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори Томас Мозер Ўзбекистоннинг Европа ва Осиё ўртасидаги юк ташувларида стратегик аҳамияти кучайиб бораётганини алоҳида қайд этади. Хусусан, Ўзбекистон тобора Евросиё қуруқлик йўналишларини мустаҳкамловчи муҳим бўғинга айланиб бормоқда. Компания Ўзбекистон бозорининг келажагига ишонади ва Марказий Осиёдаги мижозларига юқори сифатли логистика жараёнларини кафолатлайди.

Таъкидланишича, ҳозирда компания Тошкентдаги ўз жамоаси билан қуруқликдаги ташувлар ҳамда ҳаво, денгиз ва темир йўл орқали юк ташиш каби хизмат турларини тақдим этмоқда. Яқин истиқболда компания ўз хизматларини омбор логистикаси билан тўлдиришни режалаштирган. Бу Ўзбекистоннинг нафақат транзит хаби, балки Марказий Осиёдаги йирик логистика маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш