Logo

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2017-2025 йилларда давлат қарзлари ҳисобига нималар қилинганини изоҳлади

Январ 09, 2026. 10:17 • 4 дақ

287
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2017-2025 йилларда давлат қарзлари ҳисобига нималар қилинганини изоҳлади

ТОШКЕНТ, 9 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 75,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, шундан 37,4 миллиард доллари давлат ташқи қарзи ҳисобланади.

Бу ерда асосий тамойил оддий: инвестициялар ва ресурсларни жалб этишдан кўзланган мақсад - аҳолининг турмуш даражасини оширишдир. Гап баландпарвоз ҳисоботлар ёки рақамлар эмас, балки одамлар кундалик ҳаётида ҳис қиладиган реал яхшиланишлар – иш ўринлари, оилалар даромади, инфратузилма, тоза ичимлик суви, энергия, транспорт ва сифатли ижтимоий хизматлар ҳақида кетмоқда.

Ташқи молиялаштиришнинг иқтисодий мантиғи ҳам аниқ: иқтисодиёт тезроқ ўсиши учун ресурслар – капитал, технологиялар, ускуналар ва янги бозорлар зарур. Агар мамлакат ресурсларни жалб этишни тўхтаса, ўсиш секинлашади: камроқ иш ўринлари яратилади, йўллар ва ижтимоий инфратузилмани янгилаш, сув таъминотини кенгайтириш ва арзон энергияни таъминлаш қийинлашади.

Шу боис, Ўзбекистон иқтисодиётни жадал ривожлантириш, ЯИМ ўсишини таъминлаш ва якуний натижада аҳолининг ҳаёт сифати ҳамда умр давомийлигини яхшилаш мақсадида инвестицияларни изчил равишда жалб этиб келмоқда. Эътиборга молик жиҳати шундаки, 2020 йилдан буён умр кўриш давомийлиги изчил ўсиб, 2024 йилда 73,4 ёшдан 75,1 ёшга етди.

Шу билан бирга, одамлар учун шиорлар эмас, балки кўриш ва баҳолаш мумкин бўлган, аниқ ўлчанадиган реал натижалар муҳимдир.

Кўрсаткичнинг таркибига тўхталадиган бўлсак, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 75,4 миллиард долларини ташкил этди. Шундан 37,4 миллиард доллар давлат ташқи қарзига тўғри келади. Қолган 38 млрд долларга яқини эса давлат кафолатисиз хусусий ва давлат корхоналарининг қарз мажбуриятлари (корпоратив қарз) ҳисобланади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, халқаро таснифга кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи даражаси мўътадил ва бошқариладиган ҳисобланади. 37,6 миллиард доллар миқдоридаги давлат ташқи қарзи тахминан ЯИМнинг 26 фоизига тенг (расмий ЯИМ қарийб 145 миллиард доллар). Бу кўрсаткич жаҳон амалиётида макроиқтисодий барқарорлик учун потенциал хавфли деб баҳоланадиган чегаравий даражалардан анча пастдир.

Давлат қарзлари ҳисобидан амалга оширилган ишлар (2017–2025 йиллар):

1564 км автомобиль йўллари реконструкция қилинди;

470 км темир йўл линиялари электрлаштирилди;

6793 км ичимлик суви тармоқлари ва 664 км оқова сув тармоқлари қурилди;

59 км иссиқлик қувурлари, 1286 та индивидуал иссиқлик пунктлари, 166 та сув тақсимлаш иншоотлари ва 31 та оқова сув насос станцияси барпо этилди;

2737 МВт қўшимча электр қувватлари яратилди, 1106 км юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари тортилди;

қўшимча 2 084 МВт, 16 423 млн кВт соат электр энергияси ва 551,8 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Транспорт ва шаҳар хизматларини модернизация қилиш:

4 та Боинг 787-8 самолёти;

2 та Талго-250 юқори тезликдаги йўловчи поездлари;

30 та электровоз;

метрополитен учун 70 та вагон ва 29 та ҳаракат таркиби;

1 900 та автобус;

1 000 та тез тиббий ёрдам автомобили;

маиший чиқиндиларни йиғувчи 541 та техника;

13 та иссиқлик қозони харид қилинди.

Таълим ва ижтимоий соҳа:

60 та олий таълим муассасасида 119 та ўқув ва илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилди;

6 213 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мебель ва ўқув материаллари, 4940 офис техникаси билан жиҳозланди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги:

1 593,1 км каналлар қайта тикланди;

3 396 та гидроиншоот модернизация қилинди;

423 та тик қудуқ қурилди;

2,2 минг гектарда замонавий иссиқхоналар ва 12,6 минг гектарда интенсив боғлар барпо этилди;

сиғими 334,9 минг тонна бўлган музлатгич омборлари қурилди;

258,2 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга корхоналари ишга туширилди;

паррандачиликда 12,3 млн бош, қўйчиликда 5 752 бош ва чорвачиликда 26,3 минг бошга мўлжалланган хўжаликлар, шунингдек, 90,2 млн дона тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди.

Бу маълумотлар шу пайтгача лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзлаштирилган қарз маблағларига тааллуқлидир. Инфратузилма ва ижтимоий соҳани модернизация қилиш бўйича кўплаб лойиҳалар ҳозир ҳам давом этмоқда ва ишлар якунлангани сари қўшимча самаралар беради.

Умуман олганда, 2017–2025 йилларда амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2 миллиондан ортиқ иш ўринлари яратилди, экспорт ҳажми 270 фоизга ошди, жон бошига ЯИМ эса 418 фоизга кўпайди.

Бироқ энг муҳим жиҳат шундаки, ресурсларни жалб этиш фақат қатъий қоидалар, шаффофлик ва самарали назорат асосида амалга оширилиши лозим. Давлат раҳбари ўз Мурожаатида алоҳида таъкидлаганидек, парламент депутатлари лойиҳаларнинг бутун ҳаётий циклини – танлов ва конкурслардан тортиб, уларни амалга ошириш ҳамда якуний натижаларгача – кузатиб боради. Лойиҳаларнинг ҳолати, босқичлари ва жараёнлари реал вақт режимида эълон қилиб борилади, бу эса танлов ва тендерлар қандай ўтаётгани ҳамда мажбуриятлар қандай бажарилаётганини аниқ кўриш имконини беради.

Ўзбекистоннинг инвестицияларга ёндашуви ниҳоятда аниқ: мамлакатнинг ўсиши учун ресурслар зарур, шу билан бирга аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган қатъий назорат, шаффофлик ва ўлчанадиган натижалар таъминланиши лозим. Барча жараёнлар айнан шу тамойиллар асосида – очиқ, босқичма-босқич ва аниқ масъулият доирасида олиб борилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш