“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш Хитой ОАВ диққат марказида
Январ 09, 2026. 10:40 • 3 дақ
• 261
ПЕКИН, 9 январь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “VICTWO” нашрида “Ўзбекистон–2030” стратегияси нима учун такомиллаштирилмоқда?” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш йўналишларини белгилаб берувчи асосий дастурий ҳужжат ҳисобланади. Унда ислоҳотларнинг умумий мантиғи, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор мақсадлари ва амалий механизмлари жамланган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Бу жараёнда “Ўзбекистон–2030” стратегияси муҳим тизим яратувчи роль ўйнади. Шу билан бирга, ижтимоий ҳаёт ва глобал жараёнлар доимий динамикага эга. Янги иқтисодий шароитлар, халқаро майдондаги технологик ўзгаришлар ва трансформациялар давлат сиёсати олдига янги вазифаларни қўймоқда, деб ёзади нашр.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини реал шароитлар, аҳолининг долзарб эҳтиёжлари ва замон талабларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришнинг объектив зарурати юзага келмоқда. Янгиланаётган стратегия замирида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган муҳим ғоя мужассам. Янги таҳрирдаги стратегия ушбу тамойилни амалий мазмун билан тўлдиради ва мамлакатни янада самарали, натижага йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида ривожлантиришни давом эттиришга қаратилган”, деб таъкидлайди Хитой журнали.
Стратегияни такомиллаштириш жараёнида эришилган натижалар чуқур таҳлил қилинади, мавжуд муаммо ва чақириқлар инобатга олинади. Шу билан бирга, қўйилган мақсадларга эришиш даражасини аниқ ўлчаш имконини берадиган самарадорлик кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилади. Ҳар бир аниқ вазифага масъул давлат органлари бириктирилади, зарур молиявий манбалар очиқ ва шаффоф тарзда кўрсатилади, бу эса стратегияни амалга оширишда масъулият ва жавобгарликни кучайтиради.
Маълум қилинишича, стратегиянинг ҳар бир инсон учун тушунарли ва ҳаётий бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳар бир инсон ўз ҳаёти, оиласи ва фарзандлари келажаги учун қандай амалий фойда келтираётганини яққол кўрадиган тарзда шакллантирилмоқда. Гап умумий шиорлар ҳақида эмас, балки кундалик ҳаётда сезилаётган аниқ ўзгаришлар ҳақида кетмоқда.
Стратегиянинг ўрта муддатли мақсадлари самарадорлиги кўрсаткичлари янги иқтисодий, ижтимоий ва технологик таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда янгиланмоқда. Бундан ташқари, стратегия ижросини мониторинг қилиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш кўзда тутилган бўлиб, бу шаффофликни таъминлаш, ишончли маълумотлар асосида қарорлар қабул қилиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш имконини беради.
Тармоқлар, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича барча стратегик ҳужжатларни “Ўзбекистон–2030” стратегиясига мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу давлат сиёсатининг яхлитлиги, изчиллиги ва натижадорлигини таъминлашга қаратилган.
Хитой ОАВнинг маълумотларига кўра, стратегияни кенг жамоатчилик маслаҳатлашувлари асосида шакллантириш асосий принципиал жиҳатлардан биридир. Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг яқинда парламент ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида билдирилган топшириғи ижросини таъминлаш, аҳоли, экспертлар ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти институтларидан мазмунли ва амалий аҳамиятга эга таклифлар олиш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда. Айнан жамоатчилик фикри ва фуқароларнинг реал сўровлари акс этган ҳужжат ҳаётий ва самарали бўлиши мумкин.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш ислоҳотларни чуқурлаштириш, уларни замон талабларига мослаштириш ва одамлар ҳаётида амалий самарасини оширишга қаратилган изчил, очиқ ва масъулиятли жараёндир. Асосийси – стратегия умуммиллий тараққиёт дастури сифатида шаклланиб, аввало халқ фаровонлигига хизмат қилади”, дея хулоса қилинган “VICTWO” нашрида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси