Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Батумида Грузия Бош вазири ва Ажария Ҳукумати раиси билан учрашди
Октябрь 23, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 80ТОШКЕНТ, 23 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Батуми шаҳрида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе ҳамда Ажария Ҳукумати раиси Зураб Патарадзе билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Батуми шаҳрида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан учрашишдан мамнунмиз, – деб ёзди Бахтиёр Саидов telegram-каналида. – Мулоқот аввалида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдик.
Грузия Бош вазирининг 2025 йил март ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳамда жорий йил июль ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққани таъкидланди. Стратегик шериклик тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши ҳамкорлигимизнинг муҳим тарихий босқичи бўлди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ҳамда транспорт-логистика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик.
Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шунингдек, Ажария Автоном Республикаси Ҳукумати раиси Зураб Патарадзе билан ҳам мулоқот қилдик.
Грузия билан стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлаш ва уни амалий ташаббуслар билан бойитиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни изчил давом эттирамиз”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




