Анқарада Ўзбекистоннинг миллий қадриятлари ва сайёҳлик имкониятлари намойиш этилди
Октябрь 14, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 103АНҚАРА, 14 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркияда бўлиб ўтган IV Жаҳон маданиятлари фестивали ва халқаро нетворкинг кўргазмасида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳам ўз миллий стенди билан иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашган мазкур халқаро тадбир мамлакатимизнинг бой маданий мероси, миллий анъаналари, туристик имкониятлари ва гастрономик салоҳиятини кенг намойиш этишда муҳим аҳамият касб этди.
Ўзбекистон стендида миллий кийимлар, эсдалик совғалари, маҳсулотлар, ахборот материаллари ҳамда диққатга сазовор масканлар ва туристик йўналишларга бағишланган видеоматериаллар тақдим этилди.
Шунингдек, палов, сомса, манти ва бошқа таомлар намойиши орқали хорижий меҳмонлар ўзбек миллий ошхонаси, урф-одатлари ва меҳмондўстлик анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Тадбир давомида миллий стендга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар, дипломатик ваколатхоналар вакиллари ҳамда халқаро кўргазма иштирокчилари билан мулоқотлар ўтказилди. Суҳбатлар чоғида Ўзбекистоннинг тарихий обидалари, замонавий туристик инфратузилмаси, гастрономик туризм имкониятлари ва экспортбоп миллий маҳсулотлари ҳақида маълумот берилди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистонни барча фаслларда сайёҳлар учун жозибадор йўналиш сифатида тарғиб қилувчи “Ўзбекистон – 365 кун” ташаббусига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ташаббус мамлакатимизнинг йил давомида саёҳат қилиш, тарихий-маданий мерос билан танишиш, миллий таомлардан баҳраманд бўлиш ва турли туристик йўналишларни кашф этиш имкониятларини халқаро жамоатчиликка етказишга қаратилган.
Анқарадаги фестиваль Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш, миллий меросимизни кенг тарғиб этиш ва мамлакатимизнинг туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

