Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари Кремль Давлат саройида тантанали концерт билан очилди

Октябрь 06, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 132
Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари Кремль Давлат саройида тантанали концерт билан очилди

МОСКВА, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Кеча Москва шаҳридаги Кремль Давлат саройида Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида “Янги Ўзбекистон жилоси” номли концерт дастури бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда икки мамлакат расмий шахслари, Россия ва Ўзбекистоннинг маданият ҳамда ишбилармонлик доиралари вакиллари, дипломатлар, санъат арбоблари ва ватандошларимиз иштирок этди. Умумий ҳисобда 5 мингдан ортиқ томошабин йиғилди.

Саҳнада Ўзбекистон санъат усталари, Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ғуломжон Ёқубов, Женисбек Пиязов, Мансур Тошматов, Илёс Арабов, Мукаррам Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли ва бошқа кўплаб таниқли санъаткорлар чиқиш қилди.

Шунингдек ўқинг

Концерт дастурида “Катта ашула”, “Дилором”, “Дилбаргинам”, “Наманган тановори”, “Мавриги”, “Лазги” каби анъанавий ўзбек асарлари, шунингдек, “Кадриль”, Пуччинининг “Турандот” операсидан ария ҳамда “Con te partirò” каби рус ва жаҳон классикаси дурдоналари янгради.

Россияда Ўзбекистон маданияти кунларининг ўтказилиши икки мамлакат ўртасидаги гуманитар ва ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, дўстлик ҳамда ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиб, россиялик томошабинларни республикамизнинг бой мусиқий ва хореографик мероси билан яқиндан таништирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш