АҚШнинг Вашингтон штати жамоатчилигига Ўзбекистоннинг бой маданияти ва бетакрор анъаналари тақдим этилди

Сентябрь 24, 2026. 14:00 • 2 дақ

108
АҚШнинг Вашингтон штати жамоатчилигига Ўзбекистоннинг бой маданияти ва бетакрор анъаналари тақдим этилди

БЕЛВЬЮ, 24 сентябрь. /“Дунё” АА/. Вашингтон штатидаги Белвью шаҳрида турли халқлар маданияти, миллий анъана ва қадриятларини кенг жамоатчиликка таништиришга қаратилган “Маданиятлараро кийим-кечак бозори” халқаро тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Белвью шаҳри кўмагида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Хитой, Эрон, Мексика ва Африка халқлари вакиллари ўз миллий либослари, таомлари, санъати, ҳунармандчилиги ва маданий анъаналарини намойиш этди.

Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонаси мамлакатнинг тарихий-маданий мероси, миллий анъаналари ва замонавий тараққиётига бағишланган махсус экспозицияни тақдим этди.

Меҳмонларга Ўзбекистондаги ўзгаришлар, туризм соҳасини ривожлантириш ва хорижлик сайёҳлар учун янги имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Қадимий тарихи ва маданий мероси сайёҳларни тобора кўпроқ ўзига жалб этаётган Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тақдимотда ўзбек миллий либослари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни хорижда тарғиб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, турли мамлакатларда миллий либослар, ўзбек брендлари, дизайнерлар ва ҳунармандлар маҳсулотларини намойиш этиш учун шоурумлар ташкил этиш мумкинлиги қайд этилди.

Ўзбекистон экспозициясида анъанавий либослар, дўппилар, миллий чолғу асбоблари, ҳунармандчилик ва кулолчилик буюмлари, мамлакат тарихи, санъати ва маданиятига оид китоблар намойиш этилди.

Иштирокчилар ўзбек ошхонасининг таомларини татиб кўриш ва миллий меҳмондўстлик анъаналари билан танишиш имкониятига эга бўлди.

Тадбир қатнашчилари турли маданият вакилларини бирлаштирган, ўзаро ҳурматни ривожлантиришга хизмат қилган ушбу ташаббус учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш