Москвада ўзбек рассоми Рустам Базаров асарлари кўргазмаси очилди

Сентябрь 19, 2026. 17:00 • 2 дақ

73
Москвада ўзбек рассоми Рустам Базаров асарлари кўргазмаси очилди
Москвада ўзбек рассоми Рустам Базаров асарлари кўргазмаси очилди

МОСКВА, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. 17 сентябрь куни Ўзбекистон элчихонаси кўмагида И.Бунин номидаги кутубхонада таниқли ўзбек рассоми Рустам Базаров асарлари кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Россия давлат ва жамоатчилик доиралари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари ҳамда замонавий санъат ихлосмандлари иштирок этди.

Кўргазма Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги гуманитар ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим маданий воқеага айланди. Рассомнинг кўргазмага қўйилган 60 та асари Ўзбекистон миллий бадиий меросининг бойлигини акс эттиради.

Рустам Базаровнинг миллий бадиий анъаналар ва ўзбек тасвирий санъатининг замонавий тенденциялари акс этган асарлари меҳмонларда алоҳида таассурот қолдирди.

Очилиш дастури доирасида “Нилуфар” рақс жамоасининг чиқишлари ҳам бўлиб ўтди. Ёрқин ва жўшқин рақслар тадбир маданий дастурининг бир қисмига айланиб, меҳмонларга анъанавий ўзбек санъатининг ранг-баранглиги билан танишиш имконини берди.

Тадбирнинг давоми сифатида меҳмонларга ўзбек палови тортиқ этилди. Миллий таомлар, мусиқа, рақс ва тасвирий санъат очиқ маданий мулоқот ва меҳмондўстлик муҳитини яратди.

Тадбир давомида меҳмонлар бу каби маданий ташаббусларнинг Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги гуманитар алоқаларни ривожлантиришдаги муҳим ролини таъкидладилар. Санъат ва маданият халқлар ўртасидаги ўзаро қизиқиш, ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Рустам Базаров асарлари кўргазмаси 2026 йил 2 октябрга қадар давом этади.


Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш