Ўзбекистонда онкология хизмати ва паллиатив ёрдам тизими такомиллаштирилади
Июнь 11, 2026. 18:40 • 4 дақ
• 59
ТОШКЕНТ, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун онкологик ва гематологик тиббий ёрдам ва паллиатив хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оғир касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, онкологик, гематологик ва онкогематологик касалликларга чалинган беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, паллиатив ва хоспис хизматларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Тақдимотда саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар билан қамраб олишни камида 60 фоизга етказиш, саратон касалликларига чалинган беморлар орасида 5 йиллик умр давомийлиги кўрсаткичини 35 фоиздан камида 45 фоизга ошириш мақсад қилинган.
Бунинг учун 2027 йилдан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган саратонга қарши курашиш бўйича Миллий дастур ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.
Мазкур дастур доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ходимларининг онкологик ҳушёрлиги оширилади. Улар саратон касалликларининг дастлабки белгиларини аниқлаш ва беморларни ўз вақтида ихтисослашган муассасаларга йўналтириш бўйича қайта тайёрланади.
Шунингдек, халқаро тавсиялар асосида клиник қўлланмалар қабул қилинади. Онкология йўналишида мультидисциплинар жамоавий ёндашув – бир нечта мутахассис иштирокида беморга ташхис қўйиш ва даволаш тактикаси жорий этилади.
Энг кўп учрайдиган саратон касалликларини эрта ташхислаш дастурлари ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга киритилади. Беморларни қисқа муддатда текширувдан ўтказиш ва ташхис қўйиш имконини берадиган тезкор ташхислаш йўналишлари йўлга қўйилади.
Нур терапияси хизматини модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, эскирган кобальт қурилмалари босқичма-босқич замонавий чизиқли тезлаткичларга алмаштирилади, юқори дозали брахитерапия имкониятлари кенгайтирилади.
Паллиатив ва хоспис ёрдамини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. 2030 йилга қадар аҳолига бундай ёрдам кўрсатиш қамровини камида 80 фоизга етказиш режалаштирилган.
Бунинг учун 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб республикада паллиатив ва хоспис ёрдамини кўрсатишнинг ягона тизими тиббий ва ижтимоий хизматлар интеграцияси асосида ташкил этилади. Паллиатив ёрдамга муҳтож шахсларни аниқлаш, йўллаш, ҳисобга олиш ва уларга хизмат кўрсатиш жараёнлари электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Мобил паллиатив бригадалар фаолияти йўлга қўйилиб, уй шароитида тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш таъминланади. Стационар шароитдаги паллиатив ёрдам давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда хоспислар томонидан кўрсатилади.
Аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, барча ҳудудларда хоспис муассасалари босқичма-босқич ташкил қилинади. Тошкент шаҳар ҳудудлараро хосписи паллиатив ва хоспис ёрдамини методологик бошқариш, ҳудудларда мазкур хизматни ташкил этишга кўмаклашиш бўйича масъул муассаса этиб белгиланади.
Дастлаб Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида онкологик касаллиги сабабли паллиатив ва хоспис ёрдамига муҳтож беморларга хизмат кўрсатувчи мобил паллиатив бригадалар ташкил этилади. Самарқанд вилоятида оғир ва даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган болалар учун хоспис шаклида паллиатив ёрдам кўрсатиш марказининг фаолияти йўлга қўйилади.
Паллиатив ва хоспис ёрдамига муҳтожлиги электрон ахборот тизимида қайд этилган беморларга тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси томонидан қўшимча тиббий текширув ва кўрикларсиз ногиронлик белгиланади. Уй шароитида парваришга муҳтож беморлар функционал кроват ва махсус матраслар билан ваучер тизими асосида таъминланади.
Шунингдек, маҳалла даражасида паллиатив ёрдам кўрсатиш, уй шароитида қараб туриш ва парвариш хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш, беморларнинг оила аъзолари учун “Оилани қўллаб-қувватлаш” хизматини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Тақдимотда гематологик ва онкогематологик касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чоралари ҳам муҳокама қилинди.
2026-2030 йилларда бундай касалликларни эрта босқичларда аниқлаш улушини амалдаги 30-40 фоиздан 60 фоизгача ошириш режалаштирилган. Беморга ташхис қўйилган вақтдан трансплантация амалиётигача бўлган муддатни 6 ойдан 3 ойгача қисқартириш чоралари кўрилади.
Гематологик касалликларга чалинган беморларни 100 фоиз ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан қамраб олиш, ҳудудларда гемопоэтик ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётларини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, камида 15 йиллик иш стажига эга ходимлар фарзандларининг республика олий таълим муассасалари бакалавриатида ўқиши учун йиллик контракт тўловининг бир қисмини, шунингдек, шундай иш стажига эга ходимлар ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишида дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаб бериш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, кўриб чиқилган чора-тадбирларни сифатли амалга ошириш, ҳудудларда онкологик ва гематологик тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, замонавий ташхислаш ва даволаш технологияларини жорий этиш юзасидан топшириқлар берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси