Ўзбекистон Президенти шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиши соҳасини ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилди

Июнь 10, 2026. 19:28 • 5 дақ

81
Ўзбекистон Президенти шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиши соҳасини ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилди

ТОШКЕНТ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун урбанизация ва шаҳарсозлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда мамлакатимизда шаҳар аҳолиси улуши 50 фоиздан ошди ва келгуси йилларда мазкур кўрсаткич яна ўсиши кутилмоқда. Аҳоли сони ва қурилиш суръатлари ортиб бораётгани шаҳарсозлик режаларини замонавий талаблар асосида ишлаб чиқиш, яшил ҳудудларни сақлаш, тарихий-маданий меросни муҳофаза қилиш, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини уйғун ривожлантиришни тобора долзарб қилиб қўймоқда.

Бугунги кунда республикадаги 8 минг 604 та аҳоли пунктидан 2 минг 506 таси ёки 29 фоизи бош режалар билан қамраб олинган. 2026 йилда яна 154 та, 2027 йилда эса 144 та аҳоли пункти учун бош режалар ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Мавжуд бош режаларнинг 1 минг 44 таси электрон шаклга ўтказилган.

Шу билан бирга, алоҳида ҳудудларни ривожлантириш бўйича 2024-2025 йилларда 275 та мастер-режа ишлаб чиқилган бўлса-да, уларнинг ягона ҳисоби юритилмаган, бош режалар билан ўзаро боғланмаган. Бу эса ҳудудларни комплекс ривожлантириш, инфратузилма, транспорт, муҳандислик тармоқлари ва ижтимоий объектларни уйғун режалаштиришда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Шу муносабат билан бош режа ва мастер-режалар билан ишлашнинг янги тизими таклиф этилди. Унга кўра, биринчи босқичда бош режалар бўйича маълумотлар тўлиқ жамланади ва актуаллаштирилади, иккинчи босқичда рақамлаштириш ишлари амалга оширилади, учинчи босқичда мониторинг тизими йўлга қўйилади, тўртинчи босқичда эса комплекс ахборот-таҳлил тизими шакллантирилади.

Бу жараёнда шаҳарсозлик ҳужжатларининг ягона электрон реестри юритилади. Рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар юридик кучга эга бўлмаслиги белгиланади. Урбанизация марказига шаҳарсозлик геоахборот тизимини юритиш, комплекс қурилиш жараёнларида топогеодезия ишларини мувофиқлаштириш ва ҳудудий архитектура-режалаштириш кенгашларининг фаолиятини услубий таъминлаш каби қўшимча вазифалар юкланади.

Урбанистика, геодезия, кадастр, лойиҳалаш, агломерацияларни бошқариш ва геоахборот тизимлари билан ишлай оладиган ўрта ва олий бўғин мутахассисларига эҳтиёж ортиб бормоқда.

Шу мақсадда Тошкент геодезия ва картография техникумини Урбанистика, геодезия ва кадастр техникуми сифатида қайта ташкил этиш таклиф қилинди. Унда ўрта бўғин учун ўлчовчи мутахассислар, кадастр ва геодезия, компьютер графикаси дизайн операторлари ҳамда компьютер кадастр дастурлари йўналишларида кадрлар тайёрланади.

Олий таълим тизимида Тошкент архитектура-қурилиш университетида “Замонавий урбанистика ва агломерацияларни бошқариш” факультетини очиш режалаштирилган.

Барча ҳудудларда урбанистика, лойиҳалаштириш ва архитектура йўналишларини бир жойда жамлайдиган креатив парклар ташкил этиш ҳам таклиф қилинди. Уларда лабораториялар, конструкторлик устахоналари, дастурий таъминот, лойиҳалаш хизматлари, онбординг, нетворкинг ва коворкинг майдонлари ташкил этилади. Креатив парк резидентларига жисмоний шахслар даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.

Тақдимотда шаҳарсозлик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ноқонуний ва рухсатсиз қурилишлар, қурилиш муддатларининг сунъий равишда узайтирилиши, ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш каби муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Амалдаги жарималар таъсирчан эмаслиги кўрсатиб ўтилди. 2025 йилда 1 минг 952 та ноқонуний қурилиш аниқланган. Шу муносабат билан ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкцияларни кучайтириш таклиф қилинди.

Улуш киритиш асосида кўп квартирали уй-жой қурилиши соҳасидаги ҳолат ҳам таҳлил қилинди. Сўнгги йилларда бундай уйлар қурилиши ҳажми 2,5 баробар кўпайиб, ўтган йили 11 миллион квадрат метрдан ошди. Қолаверса, улушли уй-жой қурилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳам кўпайган. Ўтган йилнинг ўзида 3 мингга яқин фуқарога 668 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек ўқинг

Шу боис, улушли қурилишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда улушли қурилиш лойиҳаларини янгича ёндашувлар асосида тартибга солиш, фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш ва қурилиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш назарда тутилган.

Улушли қурилишни молиялаштиришнинг янги тизими – эскроу ҳисобварақлари механизми ҳам муҳокама қилинди. Бунда харидорлар маблағи ваколатли банкдаги махсус ҳисобварақда сақланади, қурилиш ишлари белгиланган шартлар асосида бажарилгандан кейингина қурувчига ўтказилади.

Эскроу тизими тўрт асосий қоидага асосланади. Биринчидан, эскроу ҳисобварақларига тушган маблағлар кредиторларнинг ундирувига қаратилмайди. Иккинчидан, инвесторлар ва қурувчилар фақат ваколатли банклар орқали ишлайди. Учинчидан, топшириш далолатномаси имзолангандан сўнг маблағлар қурувчига ўтказилади. Тўртинчидан, шартнома бекор қилинганда улушдор маблағи тўлиқ қайтарилади.

Янги тизимда “Uy-joy” ягона ахборот платформаси муҳим ўрин тутади. Ушбу платформада барча қурилиш жараёнлари очиқ электрон тарзда юритилади, девелоперлар рейтинги, рухсатномалар, лойиҳа ва қурилиш жараёни, эскроу ҳисобварақлари ва шартномалар бўйича маълумотлар бирлаштирилади.

Тақдимотда битта қурилиш объекти бўйича маълумотлар ҳозирда бир нечта ахборот тизимларида алоҳида юритилаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди. “UzKad”, “E-auksion”, “E-qaror”, “Шаффоф қурилиш”, “Менинг уйим” каби тизимлардаги маълумотлар ўзаро боғланмагани сабабли ер участкаси, лойиҳа ҳужжатлари, экспертиза, қурилишга рухсатнома ва объектни фойдаланишга топширишгача бўлган жараёнлар тарқоқ ҳолда шаклланмоқда.

Шу муносабат билан қурилиш жараёнларига ягона идентификатор, ҳудуднинг рақамли паспорти, лойиҳанинг рақамли паспорти ва объектнинг рақамли паспортини жорий этиш таклиф қилинди. Бу объектнинг бутун ҳаёт циклини ягона рақамли контурда қамраб олиш имконини беради.

Шаҳарсозлик реновацияси масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Республикадаги 1991 йилгача қурилган 17 мингта уйлар ўрнига замонавий, энергия тежамкор, инфратузилма билан таъминланган кўп квартирали уйлар қуриш мумкинлиги кўрсатилди.

Ҳозиргача реновация жараёнларини тартибга соладиган ягона қонун мавжуд эмас эди. Шу боис, шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда реновация ҳудудларини белгилаш, аҳоли розилигини олиш, компенсация ва кўчириш тартиблари, инвесторлар мажбуриятлари ҳамда давлат органлари ваколатларини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда.

Реновация лойиҳалари орқали эскирган уй-жой фондини янгилаш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай яшаш шароитларини яратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, яшил ҳудудлар ва ижтимоий инфратузилмани кенгайтириш мақсад қилинган.

Президентимиз шаҳарсозлик ва урбанизация соҳасидаги ислоҳотлар аҳоли учун қулай муҳит ва барқарор ривожланиш тамойилларига асосланиши зарурлигини таъкидлади.

Мутасаддиларга бош режалар ва мастер-режаларни рақамлаштириш, “Uy-joy” ягона платформасини ишга тушириш, улушли қурилишда фуқаролар ҳуқуқларини кафолатлаш, эскроу механизмларини жорий этиш ҳамда реновация бўйича аниқ ва адолатли тартибларни шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш