Ўзбекистон ва Япония янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди
Ноябрь 02, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 47
ТОКИО, 2 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) Энергетика лойиҳаларини молиялаштириш департаменти бош директори Ёхи Хигашида билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, долзарб масалалар ҳамда ҳамкорликнинг янги имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. JBIC делегациясининг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига Япония инвестицияларини жалб қилиш, истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва молиявий шерикликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Хусусан, “Янги Тошкент” халқаро аэропорти лойиҳасида давлат шериги улушини молиялаштиришда JBIC иштирокини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Шунингдек, Япониянинг MUFG, SMBC ва Mizuho каби етакчи банкларининг Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўйиши бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.
Япон саноат компанияларини Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган махсус иқтисодий зонага жалб қилишда JBIC кўмагидан фойдаланиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Банк учун устувор бўлган тармоқлар ва лойиҳа турларини аниқлаш, молиялаштириш талабларига жавоб берадиган аниқ лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Учрашувда “Янги Тошкент” лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Дипломатлар электр энергияси таъминоти, марказлашган иссиқлик тизими, ичимлик ва оқова сув инфратузилмаси, шаҳар транспорти ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш борасида қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси