Диёра Келдиёрова Загребдаги халқаро турнирда бронза медалига сазовор бўлди

Ноябрь 15, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 21
Диёра Келдиёрова Загребдаги халқаро турнирда бронза медалига сазовор бўлди
Диёра Келдиёрова Загребдаги халқаро турнирда бронза медалига сазовор бўлди

ЗАГРЕБ, 15 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Хорватия пойтахтида бўлиб ўтаётган дзюдо бўйича “Zagreb Grand Prix 2026” халқаро турнирида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини беш нафар спортчи ҳимоя қилмоқда: Париж–2024 Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова (-52 кг), Азизбек Ортиқов (-66 кг), Муроджон Йўлдошев ва Арслонбек Тожиев (-81 кг) ҳамда 2022 йилги жаҳон чемпиони, Токио–2020 Олимпиадаси бронза медали совриндори Давлат Бобонов (-90 кг).

Мамлакатимиз спортчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчихонаси вакиллари мусобақанинг дастлабки кунидаги тадбирларда иштирок этди.

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида спортни ривожлантириш борасида Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида вакилларимиз кўплаб ютуқларга эришмоқда. Загребдаги халқаро турнирда ҳам дзюдочиларимиз муносиб қатнашмоқда.

Диёра Келдиёрова ярим финалга қадар Аружан Ережепова (Қозоғистон), Сумия Ираоуи (Марокаш) ва Фатжона Касапини (Косово)ни кетма-кет мағлубиятга учратди. Финал остонасида Диёра 2025 йилги жаҳон чемпионати бронза медали совриндори ва якунда ушбу турнир ғолибига айланган венгриялик Роза Дёртяшга имкониятни бой берди.

Бронза медали учун кечган баҳсда IJF жаҳон рейтингида 10-ўринни эгаллаб турган франциялик Бландин Понт устидан ўзининг севимли усули билан муддатидан олдин ғалаба қозонди. Ушбу бронза медали Диёрага “Лос-Анжелес-2028” Олимпиадаси йўлида 350 рейтинг баллини тақдим этди.

Ўзбекистон элчиси мусобақанинг 52 кг гача бўлган вазн тоифасидаги ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Узоқ танаффусдан сўнг яна халқаро майдонга қайтиб, шоҳсупага кўтарилган ҳамюртимиз – Олимпия чемпиони Диёра Келдиёрова бронза медалини айнан Ўзбекистон элчиси қўлидан қабул қилиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш