Ўзбекистон спортчилари Параосиё ўйинларида Осиё ва жаҳон рекордларини янгилашда давом этмоқда
Октябрь 22, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 59АИЧИ–НАГОЯ, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Японияда давом этаётган Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари Осиё ва Жаҳон рекордларини янгилаш ва медаллар жамғаришда давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мусобақаларнинг навбатдаги куни пара енгил атлетикачиларимиз қатор юксак натижаларга эришди. F46 классида найза улоқтириш баҳсида Шаҳинахон Йигиталиева 44,99 метр натижа билан олтин медални қўлга киритиб, Параосиё ўйинлари рекордини янгилади.
Ҳуснорахон Қудратуллаева эса 41,91 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди. F35 классида ядро улоқтириш баҳсида Дилафрузхон Аҳмадхонова кумуш, Зуҳро Файзуллаева эса бронза медални қўлга киритди.
Баротжон Бахтиёров F36 классида ядро улоқтириш баҳсида 15,98 метр натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритди ва Параосиё ўйинлари рекордини ўрнатди.
Севинчбек Ҳусанов узунликка сакрашда, Моҳигул Шаробиддинова эса ядро улоқтиришда кумуш медалларга сазовор бўлди. Пара велоспортнинг шоссе йўналишида Покиза Аҳмадбекова бронза медални қўлга киритди.
Пара енгил атлетикада Достон Қаҳҳоров, Бобуржон Омонов ва Қудратиллохон Маъруфхўжаев олтин медалларни қўлга киритиб, Параосиё ўйинлари рекордларини ўрнатди.
Пара пауэрлифтингда Рўза Қўзиева 152 килограмм натижа билан жаҳон рекордини янгилади. Пара сузишда Егор Болотов 100 метрга чалқанча усулда сузишда 58,43 сония натижа билан олтин медални қўлга киритиб, Осиё рекордини ўрнатди.
Ўзбекистон вакиллари пара дзюдо, пара таэквондо ва пара велоспорт мусобақаларида ҳам шоҳсупага кўтарилиб, делегациянинг умумий натижасига муносиб ҳисса қўшди.
Пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасидаги ядро улоқтириш (F32) баҳсларида Хуршид Қодиров 9,40 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Ҳамюртимиз ушбу натижа орқали Параосиё ўйинлари рекордини ҳам янгилади.
Ҳозирча, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 32 та олтин, 35 та кумуш ва 34 та бронза, жами 101 тага етди. Ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу натижа мамлакатимиз параспорти тарихида Параосиё ўйинларида қайд этилган энг юқори кўрсаткич сифатида тарихга кирмоқда.
Беллашувлар давом этаётгани ва олдинда ҳали қатор мусобақалар борлигини инобатга олсак, Ўзбекистон делегациясининг медаллар сони янада ортиши кутилмоқда.
Спортчиларимизнинг рекордли натижалари мамлакатимизда параспорт ривожланиб бораётгани ва халқаро майдондаги салоҳияти юксалаётганини намоён этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




