Минскда Ғулом Ёқубов номидаги мактабда Ўзбек тили байрами нишонланди
Октябрь 22, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 72МИНСК, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь пойтахтида ўзбек қаҳрамони Ғулом Ёқубов номидаги 36-ўрта мактабда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан “Тарих ва маданият чорраҳасида” мавзусида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими маслаҳатчиси Остонақул Мирзаев, белоруслик телебошловчи ва мухбир Тенгиз Думбадзе ҳамда Минск шаҳри раҳбарияти вакиллари иштирок этди.
Ушбу муассаса ўқувчилари меҳмонларни “Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар! Мактабимизга хуш келибсиз!” дея ўзбек тилида гапириб кутиб олди. Ғулом Ёқубов хотирасига бағишлаб ўзбек тилида шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди.
Учрашув давомида иштирокчилар Ўзбекистон ва Беларусь тарихидаги муштарак воқеалар, икки халқ қаҳрамонлари, Ғулом Ёқубов каби буюк инсонларнинг жасорати, ўзбек маданияти ва тили ҳақида сўз юритди.
Мактаб маъмуриятига “Ўзбек маданияти бурчаги”ни ташкил этиш учун меҳмонлар томонидан Ғулом Ёқубов туғилиб ўсган Асака шаҳридан олиб келинган ҳунармандчилик маҳсулотлари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Минскдаги 36-мактаб билан Асака туманидаги 25-мактаб ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш таклиф қилинди.
Тенгиз Думбадзе Ғулом Ёқубов ва бошқа ўзбек қаҳрамонлари ҳақида ҳужжатли фильм суратга олишга қизиқиш билдирди. Шунингдек, у ноябрь ойида Андижон ва Фарғона вилоятларига ташриф буюришни режалаштираётганини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



