Ўзбекистон павильони илк бор Малайзиядаги қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва агротуризм халқаро кўргазмасида намойиш этилмоқда
Сентябрь 04, 2026. 21:00 • 2 дақ
• 61КУАЛА-ЛУМПУР, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Малайзиядаги “MAHA 2026” халқаро қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва агротуризм кўргазмасида илк бор Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир 28 августдан 6 сентябрга қадар Селангор штатидаги Малайзия агроэкспозиция боғи (MAEPS)да бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон экспозициясида 10 нафардан ортиқ маҳаллий тадбиркор иштирок этиб, 100 га яқин турдаги маҳсулотларни тақдим этмоқда. Улар орасида сархил ва қуритилган мевалар, консерва маҳсулотлари, шарбатлар, ширинликлар, минерал ўғитлар ҳамда миллий ҳунармандчилик буюмлари бор.
Ўзбекистон павильонига Малайзия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Моҳамад бин Сабу ва бошқа расмий шахслар ташриф буюрди. Улар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, хилма-хиллиги ҳамда экспорт салоҳиятини юқори баҳолади.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон делегацияси Малайзиянинг давлат тузилмалари, йирик компаниялари ва тадбиркорлари билан музокаралар ўтказмоқда. Хусусан, Малайзия қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва ишланмалари институти (MARDI), Қишлоқ хўжалиги маркетинги федерал агентлиги (FAMA), Балиқчилик департаменти ва “Padiberas Nasional Berhad” (BERNAS) компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида келишувларга эришилди.
Томонлар ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш, илмий стажировкаларни ташкил этиш, ўсимликшунослик ва шоличиликда Малайзия тажрибасини жорий этиш, шунингдек, агротуризмни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқмоқда.
MAHA Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат кўргазмаларидан бири ҳисобланади ва ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Ўзбекистоннинг MAHA кўргазмасидаги иштироки мамлакатимиз маҳсулотларини халқаро бозорларда, жумладан, Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа давлатларида илгари суришни кенгайтириш ҳамда янги савдо ҳамкорларини жалб этишга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


