Беларусда Наманган вилояти савдо уйлари очилди
Август 16, 2026. 12:41 • 2 дақ
• 206МИНСК, 16 август. /“Дунё” АА/. Беларусда Наманган вилояти корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни “Made in Namangan” бренди остида тақдим этувчи савдо уйлари ўз фаолиятини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Савдо уйлари Наманган вилояти тадбиркорларининг ташаббуси билан Минск ва Гродно шаҳарларида очилди.
Минскда бўлиб ўтган очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразаков бошчилигидаги вилоят маъмурияти ва юртимиз ишбилармон доиралари вакиллари, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Нуриддин Мамажонов, Минск шаҳри Ижро қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Александр Комендант, шунингдек, Беларуснинг қатор вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Александр Комендант олий даражада эришилган келишувлар самарасида Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик конструктив руҳда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
“Бугунги тадбирлар ўзаро ҳамкорликнинг янги формати доирасидаги дастлабки қадамлардан биридир. Ишончим комилки, ушбу Савдо уйлари Минск шаҳри ва вилояти аҳолиси орасида талаб юқори бўлган масканларга айланади”, – деди Александр Комендант.
Савдо уйларининг очилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Президенти Александр Лукашенко ўртасида эришилган, ўзаро савдони янада ривожлантириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган келишувларнинг амалий натижаси бўлди.
Айни пайтда савдо уйларида Наманган вилоятида ишлаб чиқарилган кенг турдаги тўқимачилик маҳсулотлари, жумладан, сочиқлар, халатлар, трикотаж буюмлар, болалар, аёллар ва эркаклар кийим-кечаклари, шунингдек, чойшаблар намойиш этилмоқда. Яқин вақтларда Наманган вилоятида ишлаб чиқарилаётган қуруқ мевалар, шарбатлар, консерва маҳсулотлари ва мурабболар савдосини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Савдо уйи таъсисчиси, наманганлик тадбиркор Хакимжон Файзуллаевнинг таъкидлашича, маҳсулотлар нархи аҳоли учун мақбул ва ижтимоий жиҳатдан қулай даражада шакллантирилган.
Унинг сўзларига кўра, сифатли маҳсулотларнинг ҳамёнбоп нархларда таклиф этилиши Беларусь истеъмолчиларининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларга қизиқишини янада оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




