Норвегиянинг илк бизнес миссияси Ўзбекистонга ташриф буюради
Ноябрь 21, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 73
СТОКГОЛЬМ, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Швециядаги элчихонаси ташаббуси билан Норвегия компаниялари ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирокида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида Норвегиядан илк бизнес-миссиянинг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, Норвегия кичик ва ўрта бизнес уюшмаси (“SME Norway”) бошчилигидаги делегациянинг 29 ноябрь – 2 декабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Янги Ўзбекистон – глобал имкониятлар чорраҳаси” халқаро бизнес-форумида иштирок этиши масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқотда минерал хомашё импорти, электротехника маҳсулотларини етказиб бериш, қуритилган мевалар ва нонвойчилик ингредиентлари савдоси, нефть-газ ҳамда касб-ҳунар таълими соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. “SME Norway” уюшмаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзолашга келишилди.
Форум доирасида делегация учун тоғ-кон, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва рақамлаштириш вазирликлари, тижорат банклари ҳамда миллий экспортчи компаниялар билан учрашувлар, миграция ва касб-ҳунар таълими марказлари ҳамда “Янги Тошкент” дирекциясига ташрифлар режалаштирилмоқда.
Учрашув якунида ташриф дастурини самарали ташкил этиш юзасидан мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси