Покистон ОАВ: Янгиланган Ўзбекистон Конституцияси – мамлакатнинг замонавий демократик тараққиёти асоси
Ноябрь 28, 2025. 17:49 • 2 дақ
• 67
ИСЛОМОБОД, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Election Times” ва “News Network Pakistan” электрон нашрлари “Бош қомусимиз – Ўзбекистоннинг ишонч, барқарорлик ва келажак пойдевори” сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун, – дея маълум қилинган мақола аввалида. – Ушбу сана мамлакатнинг замонавий тарихида алоҳида ўрин тутади. Боиси айнан 1992 йилда қабул қилинган Конституция мустақиллик, ҳуқуқий тартиб ва давлатнинг демократик ривожланиши учун фундаментал асос бўлиб хизмат қилди. У ёш республика тараққиётининг асосий йўналишини белгилаб берди, давлат тузилишининг муҳим тамойилларини мустаҳкамлади ҳамда очиқ, тинчликсевар ва инсонпарвар жамият қуришнинг стратегик йўлларини кўрсатиб берди”.
Конституция суверен Ўзбекистонни шакллантириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий асосни яратган ҳал қилувчи ҳужжат ҳисобланади. Унда давлат келажагининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий модели белгилаб қўйилди. Бу модель демократик тамойиллар, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва шахс эркинлиги принципларига асосланди.
Қайд этилганидек, жамиятнинг жадал ривожланиши, фуқароларнинг ортиб бораётган эҳтиёжлари ва замонавий демократик стандартларни жорий этиш зарурати Конституцияни тубдан янгилашга асос бўлди. Янги тараққиёт босқичи – Янги Ўзбекистон даври сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий кафолатларни сезиларли даражада кенгайтиришни тақозо этди. Шу боис 2023 йилда ўтказилган кенг кўламли конституциявий ислоҳот мамлакат тарихида муҳим воқеликка айланди.
“Конституциянинг янги таҳририни тайёрлаш жараёни ҳам кенг жамоатчилик муҳокамаси шаклида ўтди. Фуқаролардан 222 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди, бу эса жамоатчиликнинг мисли кўрилмаган даражадаги кенг иштирокни намойиш этди. Ташкил этилган комиссиялар ва эксперт гуруҳлари аҳолининг ташаббусларини батафсил ўрганиб чиқди. Улардан энг талабгир ва долзарблари эса янги Конституция матнига киритилди. Бу жараён Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий халқ Конституцияси эканини — жамиятнинг бевосита иштирокида яратилган ҳужжат сифатида яққол тасдиқлади”, – дея урғуланган материалларда.
2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда миллионлаб фуқароларнинг фаол иштирок этгани, халқ иродаси ва танловининг ҳал қилувчи тасдиғи бўлди. Йирик халқаро ташкилотлар ва кўплаб давлатларнинг фуқаролик институтлари вакилларидан иборат кузатувчилар миссияси жараённинг юқори шаффофлик ва легитимлигини таъминлади. Овоз бериш натижаларига кўра, Конституциянинг янги таҳрири референдум иштирокчиларининг катта қисми томонидан қўллаб-қувватланди ва 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди.
“Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси мамлакатни янада демократлаштириш йўлида муҳим пойдевор вазифасини бажармоқда. Унда давлат бошқаруви ва инсон ҳуқуқларига оид янги ёндашувлар, ижтимоий ва шахс ҳимоясини таъминлаш механизмлари мустаҳкамланди. Энг муҳим, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми Конституция даражадаси мустаҳкамланди”, – деб ёзган Покистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда