“Қовун сайли” фестивали Хоразмнинг полизчилик анъаналари ва сайёҳлик салоҳиятини намойиш этмоқда
Август 08, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 114ХИВА, 8 август. /“Дунё” АА/. Хива шаҳрида Хоразмнинг полизчилик анъаналари, миллий маданияти, гастрономияси ва туризм салоҳиятини ўзида мужассам этган “Қовун сайли — 2026” халқаро фестивали бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради воқеа жойидан “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда хорижий сайёҳлар, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар ва маҳаллий аҳоли Хоразмда етиштириладиган 100 дан ортиқ қовун навлари билан танишмоқда. Шунингдек, миллий таомлар ва халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари кўргазмалари ўтказилиб, фольклор жамоаларининг чиқишлари ҳамда тарихий воқеаларга бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилмоқда.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 та тематик стенд ташкил этилган бўлиб, уларда Хоразм вилоятининг барча туманлари ва етакчи фермер хўжаликлари ўз маҳсулотлари, анъанавий қовун навлари ҳамда замонавий етиштириш технологияларини тақдим этмоқда.
Шу билан бирга, полизчилик соҳасидаги энг яхши натижаларни саралашга қаратилган танлов ўтказилмоқда. Унда маҳсулот сифати ва сақланиш даражаси, экспорт кўрсаткичлари, қадимий Хоразм навларини қайта тиклаш, инновацион технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш рентабеллиги ҳамда энг ширин ва экологик тоза қовун етиштириш мезонлари бўйича ғолиблар аниқланади.
Бундан ташқари, журналистлар ва контент яратувчилар учун махсус пресс-тур ҳам ташкил этилган бўлиб, унинг иштирокчилари ҳудуднинг туристик масканлари, полизчилик анъаналари ва агротуризм объектларини ўрганмоқда.
“Қовун сайли — 2026” фестивали Хоразмнинг кўп асрлик полизчилик анъаналари, миллий маданияти ва гастрономик меросини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ҳудуднинг туристик салоҳиятини хорижий меҳмонларга танитишга хизмат қилади.
Фестиваль 9 августга қадар давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





