Россиянинг Кемерово шаҳрида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Август 08, 2026. 14:00 • 2 дақ

75
Россиянинг Кемерово шаҳрида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

КЕМЕРОВО, 8 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули Аслам Акбаров Кемерово вилояти–Кузбасс инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Василий Борисов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Кемерово вилоятида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда улар билан боғлиқ масалалар юзасидан идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Россия томони маълумотларига кўра, кейинги даврда ҳудудда Ўзбекистон фуқароларининг миграция қонунчилиги талабларини бузиши билан боғлиқ ҳолатлар сезиларли даражада камайган. Шу билан бирга, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари чекланишига оид ҳолатлар ҳам деярли қайд этилмаган.

Томонлар, шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг манфаатларини таъминлаш соҳасида Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ҳамда Кемерово вилояти – Кузбасс васийлик ва ҳомийлик органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот давомида Кемерово вилояти бўйича Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати Бош бошқармасига қарашли 1-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган бир гуруҳ ватандошлар билан боғлиқ вазиятга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мазкур фуқароларга нисбатан битта жиноят иши доирасида суд жараёни олиб борилаётгани таъкидланди.

Бош консул ватандошларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, уларга нисбатан холис муносабат таъминланиши муҳимлигини қайд этди. Бундан ташқари, ушбу масалага эътибор қаратиб, унинг холис ва қонуний ҳал этилишига кўмаклашаётган Кемерово вилояти–Кузбасс инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига миннатдорлик билдирилди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон томонининг ёзма мурожаатидан сўнг мазкур ҳолат Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг қатъий назоратига олингани маълум қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш