Ўзбекистон Президенти Термиздаги этношаҳарчани кўздан кечирди
Февраль 26, 2026. 19:35 • 44 сония
• 37
ТОШКЕНТ, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Термиз шаҳрида барпо этилган этношаҳарчага ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу лойиҳа Сурхондарё тарихи, ҳунармандчилиги ва анъанавий санъати намуналарини намоён этиш учун замонавий инфратузилмага эга янги маданий маскан сифатида яратилди.
Мажмуа 10 миллион долларлик инвестиция ҳисобидан барпо этилди. Олти гектар майдонда тарихий қиёфадаги бинолар, оилавий меҳмон уйи, дўмбира устахонаси, бахшичилик экспозицияси, миллий таомлар ресторани, болалар учун ўйин майдончаси ҳамда мусиқий фавворалар қад ростлаган.
Шаҳарча йилига 180 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш қувватига эга, бу ерда 250 нафар одамга доимий иш ўринлари яратилади. Меҳмонлар нафақат ҳунармандларнинг маҳсулотларини харид қилишлари, балки уларнинг ишини кузатишлари ҳам мумкин.
Президентимиз туризм масканида яратилган шароитлар билан танишди, ҳунармандлар билан мулоқот қилиб, ташриф буюрувчилар учун ташкил этилган бадиий дастурни томоша қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
