“Kalimantan post”: 2026 йилда Имом Бухорий мажмуаси зиёрати учун 100 минг индонезиялик келиши режалаштирилган
Февраль 26, 2026. 19:32 • 1 дақ
• 45
ЖАКАРТА, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Индонезиянинг нуфузли “Kalimantan post” газетасида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломовнинг сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган суҳбати эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбатда ёзилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатнинг зиёрат туризми салоҳиятини кескин оширишга хизмат қилди. Айниқса, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси, Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фойдаланишга топширилиши нафақат мусулмон ўлкалари, балки бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
Мутахассиснинг фикрича, 2026 йилда Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш учун 100 минг индонезиялик сайёҳнинг келиши режалаштирилган. Электрон виза статистикаси ҳам Индонезиядан мурожаатлар сони изчил ошиб бораётганини кўрсатади.
Мақолада қайд этилишича, индонезияликларда Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби тарихий шахсларнинг мажмуаларини зиёрат қилиш истаги тобора ортиб бормоқда.
Интервьюда такидланишича, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар нафақат туризм соҳасида, балки илмий-тадқиқот йўналишида ҳам фаол ривожланмоқда. Индонезиялик олим ва тадқиқотчиларда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази эълон қилган халқаро стипендия дастури қизиқиш уйғотмоқда.
Газетада академик алмашинув дастурлари, халқаро конференция ва семинарлар икки давлат ўртасидаги тарихий илдизларга эга интеллектуал алоқаларни янги босқичга олиб чиқаётгани алоҳида эътироф этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
