Ўзбекистон Президенти Вьетнам компаниясининг инвестиция лойиҳалари билан танишди
Ноябрь 03, 2026. 16:59 • 2 дақ
• 100
ТОШКЕНТ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи чоғида бугун Вьетнамнинг “ROX Group” компанияси томонидан мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, компания вакиллари Бухорода иккита, Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ва Самарқандда биттадан – жами тўртта шаҳарсозлик лойиҳаси ҳақида ахборот берди. Уларнинг умумий майдони 285 гектарни, инвестиция ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этади. Лойиҳалар 115 минг нафар аҳоли учун мўлжалланган.
Бухоро туманида 65 гектар, Бухоро шаҳрида эса 25 гектар майдонда янги турар жой массивлари қурилиши бошланди. Уларда 30 минг нафар аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектлар барпо этиш кўзда тутилган.
Учтепа туманидаги лойиҳа замонавий шаҳар муҳитини яратишга, Самарқанддаги ташаббус эса мавжуд сайёҳлик мажмуаси атрофидаги инфратузилмани кенгайтиришга қаратилган. Вьетнамлик инвестор Жиззах вилоятининг Зомин туманида саноат зонаси ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурди.
Президентимиз тақдим этилган концепцияларни маъқуллаб, лойиҳаларда илғор шаҳарсозлик ечимларини қўллаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Мутасаддиларга лойиҳалар учун зарур инфратузилма ва амалга ошириш механизмларини компания билан биргаликда пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси